Парламент қуйи палатаси мажлисида Давлат дастурининг жорий олти ойликдаги ижроси муҳокамаларида депутат Дилбар Мамажонова ёшлар масаласида бир қатор саволларни кўтарди:
– Бугунги кунда расман 1 миллиондан ортиқ ёшлар ишсиз деб эътироф этилган. Бу эса ёшларнинг 16 фоизини ташкил этади. Қолган 84 фоиз ёшларнинг тақдири қандай? Талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш борасида қандай чоралар кўрилмоқда?
Шунингдек, ёшларга 2,5 минг гектар ер майдони деҳқончилик қилиш учун ажратилган. Аммо ёшлар бу ерлардан самарали фойдалана оляптими, берилаётган ерларнинг унумдорлиги қай даражада?
Депутатнинг ушбу саволларига жавобан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари қуйидагиларни маълум қилди:
– Йил бошида маҳаллаларда хатлов ўтказилиб, 9 миллиондан ортиқ ёшларнинг “Ёшлар баланси” шакллантирилди, шундан келиб чиқиб, индивидуал дастур ишлаб чиқилди. Хатлов натижасида 384 минг ёшлар ишсиз деб рўйхати шакллантирилди. Жорий 1 июль ҳолатига 161 минг ёшларнинг бандлиги таъминланди.
5000 нафар ёшларга 2,5 минг гектар ер майдонлари ажратиб берилди. 1 август ҳолатига 208 минг ёшлар (54 фоиз) иш билан бандлиги таъминланган. Қолган қисмини ҳам касбга ўқитиш, тайёрлов курсларида, хорижий тилларга ўқитиш, тадбиркорлигини йўлга қўйиш чораларини кўрамиз.
Ҳозирда 1 миллион эмас, 782 минг нафар ишсиз ёшларимиз бор. Тўғри, яна 821 минг нафар ёшлар меҳнат бозорига кириб келяпти. Шунинг ҳисобига 1 миллионга яқинлашади.
Ёшларга ажратилган ерлардан 7 минг тоннадан ортиқ маҳсулотлар олинган. 35 млрд.га яқин даромад қилинган. Вазирликда “Онлайн маҳалла” платформасида бу бўйича ҳисоботлар юритилади, – деди вазир ўринбосари.
Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев эса ўтган 2024 йилда 152 минг ёшга 56 минг гектар ер берилгани, 156 минг тонна маҳсулот етиштирилиб, 500 млрд.дан ортиқ даромад қилинганини маълум қилди. Уларнинг фаолияти ўрганилгани, муаммоларини ечиш чоралари кўрилганини айтиб ўтди. Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда замонавий касбларга ўқитиш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
[gallery-24725]
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили эса туман ҳокимлари билан ҳамкорликда ёшларга ер бериш ишлари олиб борилгани, уларга яқин бўлган ҳудуддаги, сув етарли, маҳсулдор ер майдонларини беришга эътибор қаратилганини айтиб ўтди. Ёшларнинг маҳсулотларини хориж бозорига чиқариш чоралари кўрилаётганини қайд этди.
Муҳтарама Комилова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА