Баъзида фуқароларнинг коммунал тўловлар ёки кредит қарздорлиги учун ижро иши очилган бўлса, уларнинг мол-мулки, автотранспорти ёки чет давлатга чиқишига тақиқ қўйиш ҳолатлари учраб туради. Бу эса, албатта, фуқароларга ноқулайлик туғдиради. Эндиликда бу каби тақиқ ва чекловларга йўл қўйилмайди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинган ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қонун лойиҳасида айни масалалар акс этмоқда.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан соддалаштирилган тартибда ижро этиладиган ижро ишлари тоифаси кенгайтирилмоқда. Хусусан, видеоконференцалоқа харажатларини, коммунал хизматлар ҳамда кўп квартирали уйлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловлар бўйича қарздорликларни, шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги ижро ҳужжатларини соддалаштирилган тартибда ижро этиш назарда тутилмоқда.
Яъни, юқорида қайд этилган ишлар бўйича қарздорликларни ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари келиб тушганда, ундирув қарздорнинг яшаш жойига ёки мол-мулки жойлашган жойга бормасдан, тақиқ ва чекловларни қўлламасдан амалга оширилади.
[gallery-24712]
— Амалиётда фуқароларнинг Бошқарув сервис компаниялари ва коммунал хизматлари ва видеоконференцалоқа воситаларидан фойдаланганлик учун ижро ишлари ундирувга қаратилар эди, — дейди ХДП фракцияси аъзоси Анвархон Темиров. — Эндиликда ижро ишида соддалаштирилган тартиб жорий қилиниб, бундан кейинги ҳолатларда фуқароларнинг Бошқарув сервис компаниялари ва бошқа коммунал хизматлардан бўладиган қарздорликлари учун огоҳлантириш берилади. Бугунги кунгача қарздорлик тўғридан-тўғри фуқароларнинг банк карталарига, ҳисобварақларга қаратилар эди. Ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинадиган бўлса, қарздорлик ҳақида фуқароларнинг иш жойига ёки телефон рақамларига огоҳлантириш хабарномалари юборилади. Аммо банк карталаридан қарздорликни ечиб олиш ҳолатларига йўл қўйилмайди. Бу билан фуқароларнинг банк карталаридаги маблағларини сақлаб қолиш имкониятлари кенгаяди. Шунингдек, фуқароларнинг мол-мулки, автотранспорти ёки чет давлатга чиқишига нисбатан турли тақиқ ва чекловлар қўлланилмайди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1qDVvwcqwjc" title="Endi qarzdorlik uchun taqiqlar qo‘yilmaydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Дониёр Якубов, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА