Қашқадарё вилоят солиқ бошқармасида 12 август – Давлат солиқ хизмати органлари ташкил этилганига 34 йил тўлиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Муроджон Азимов солиқ тизимида узоқ йиллар меҳнат қилган нуронийлар ва солиқ бошқармаси ходимларини давлат солиқ тизими ташкил этилганлиги ва давлатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан табриклаб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирлади.
Маълумотларга кўра, 1991 йил 12 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошида Давлат солиқ бош бошқармаси ташкил этилган. 1994 йил 18 январда Президент фармони билан бош бошқарма Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига айлантирилган.
Тадбир давомида ўтган йиллар давомида солиқ тизимида амалга оширилган изчил ислоҳотлар, соҳага умрини бахшида қилган инсонлар, раҳбарларнинг номлари қайд этиб ўтилди.
Таъкидланишича, ўтган йили вилоятда давлат бюджетига тушумлар 4 268,9 миллиард сўмни ташкил этиб, белгиланган режа ошиғи билан бажарилган бўлса, бу йил 7 ойда бюджет тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 122,3 фоизга кўпайди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, солиқларнинг каттагина қисми маҳаллий бюджетга йўналтирилиб, бу маблағлар шаҳар ва қишлоқларни, маҳаллаларни янада ободонлаштиришга сарфланмоқда. Шу нуқтаи назардан жорий йил 1-ярмида маҳаллий бюджетга 130 миллиард сўм режага нисбатан қўшимча маблағлар туширилиб, ўтган йилга нисбатан бу кўрсаткич 347,6 фоизга (3,5 баробарга) ошди.
[gallery-24706]
Шунингдек, вилоят солиқ хизмати органларида ишлаб келаётган ҳамда тизимда узоқ йиллар меҳнат қилиб, бугунги кунда нафақа гаштини сураётган соҳа фидоийларига бошқарма бошлиғининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари