Хонобод шаҳрида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида китобхонлик фестивали бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами олдидан юртимиз ёшлари ўртасида китобхонлик, китоб мутолаасини кенг тарғиб этиш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш, китобхон ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика болалар кутубхонаси томонидан мамлакатимз бўйлаб “Китобхонлик фестивали” ўтказиб келинмоқда.
[gallery-24703]
Хонобод шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истирохат боғида ташкил этилган навбатдаги китобхонлик фестивалида вазирлик мутасаддилари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кутубхоналари раҳбарлари, шунингдек, вилоятдаги кутубхоналар вакиллари, мутахассислари, китобхон ёшлар иштирок этди.
Фестиваль очилишида сўз олган Андижон вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Гулҳаё Омонова, вилоят болалар кутубхонаси раҳбари Дилдорахон Мансурова ва бошқалар Президентимиз томонидан илгари сурилган “Беш муҳим ташаббус” доирасида китобхонликни ривожлантириш, китобнинг жамият ривожи ва инсон камолотидаги ўрни ва роли, Янги Ўзбекистонни барпо этишда билимли, салоҳиятли, заковатли китобхон ёшлар катта куч эканлигини алоҳида таъкидлади.
–Вазирлик режасига асосан вилоятларда ўтказиб келинаётган фестиваль нафақат ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этишга, балки кутубхона тизимидаги илғор тажриба, иш услубларини ўрганиш ва оммалаштиришга ҳам хизмат қилмоқда, – дейди Андижон вилоят болалар кутубхонаси раҳбари Дилдорахон Мансурова. – Андижондаги фестивалда ана шу масалага алоҳида эътибор қаратилди.
Фестиваль доирасида китоблар ярмаркалари ташкил этилди.
Шунингдек, тадбирда фестиваль олдидан эълон қилинган “Энг китобхон ўқувчи”, “Энг фаол китобхон оила”, “Энг китобхон мактаб”, “Ижодкор болалар”, “Энг яхши кутубхоначи” танловлари ғолиблари ҳам аниқланди. Ғолиб ва совриндорлар диплом, фахрий ёрлиқ ва китоблар жамланмалари билан тантанали равишда тақдирланди.
–Китоб ўқиш менинг энг севимли ва ёқтирган машғулотим, – дейди Андижон шаҳридаги 37- умумтаълим мактаби ўқувчиси Аниса Достонова. – Ҳозирга қадар жуда кўп бадиий китобларни мутолаа қилганман. Шу боис, фестиваль доирасида эълон қилинган “Ижодкор болалар” танловида қатнашиб, биринчи ўринни қўлга киритдим. Бундан беҳад хурсандман. Келгусида яна кўплаб китобларни ўқиб, билимларимни янада бойитиб боришга ҳаракат қиламан.
Юқори кўтаринкилик билан ўтган фестиваль китобхон ёшлар сафини кенгайтиришга, соҳа ходимларининг ўзаро тажриба алмашишига, илғор тажриба ва иш услубларини оммалаштиришга имкон берди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари