Бу ҳақда жамият ахборот хизмати хабар берди. Унга кўра, Президентимизнинг аҳолини арзон ва сифатли ёнилғи маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича берган топшириғи ижроси доирасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида АИ-92 русумли автобензин нархини босқичма-босқич пасайтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ўз навбатида, бу “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ёқилғи бозори барқарорлигини сақлаш, аҳолини юқори сифатли бензин билан таъминлашга қаратилган стратегиянинг муҳим қисмидир.
Стратегия доирасида ишлаб чиқариш жараёнлари оптималлаштирилиб, таннархни камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Бунда бензин ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, нарх камайтирилди.
Бу ишлар натижасида Бухоро НҚИЗда ишлаб чиқарилган АИ-92 русумли автобензиннинг биржа савдоларидаги 1 тоннаси бошланғич нархи биринчи босқичда 12 миллион 881 минг сўмдан 12 миллион 628 минг сўмга туширилди. Бу эса ўз навбатида, 1 литр АИ-92 русумидаги автобензиннинг биржадаги бошланғич нархи 9 минг 400 сўм дегани. Бу нафақат истеъмолчилар учун қулай нарх, балки бутун бозорга ижобий таъсир кўрсатади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА