Жазоирда нашр этиладиган “El-jadidelyawm” нашрида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Араб тили таржима назарияси ва амалиёти кафедраси профессори, доктор Аҳмад Жасим Аз-Зубайдийнинг шу сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.
Қадим цивилизациялар кесишган, маданиятлар ранг-баранглиги тарих гиламидаги нақшдек уйғунлашган Марказий Осиё юраги – Ўзбекистоннинг ўзига хос тимсоли – дўппи шунчаки бош кийими эмас, балки авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳаёт фалсафаси, халқ донолиги ва анъанасини акс эттирувчи ҳунармандлик маҳорати ила безатилган маданий рамздир.
Ўзбек дўпписи тарихи асрларга тақалади. Бир замонлар бош кийим биринчи навбатда жазирама қуёшдан ёки қиш совуғидан ҳимоячи вазифасини ўтаган. Вақт ўтиши билан дўппи миллий либоснинг ажралмас қисмига айланди – аниқ ижтимоий, маданий мазмун касб этди ва кундалик турмушнинг турли босқичларида кишиларнинг яқин ҳамроҳига айланди.
Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент шаҳарлари дўппи ишлаб чиқариш марказларига айланди. Ва ҳар бир минтақа маҳаллий анъанани акс эттирувчи ўзига хос услуб ва нақш ишлаб чиқди.

Бухоро, Фарғона, Тошкент: хилма-хиллик – маданий бойлик инъикоси
Мумтоз ўзбек дўпписи, қоида тариқасида, тўртбурчак ва текис шаклга эга. Ҳудудий унсурлар эса бир-биридан фарқ қилади. Бухоро дўпписи, одатда, қора, оқ ипак нақшли, Фарғона услуби эса ёрқин – қизил, яшил, сариқ ранг билан тўйинган. Қашқадарё, Сурхондарё каби тоғли манзилларда ярим шарсимон шаклга эга бўлиб, мардлик ва куч-қувватни ифодалайдиган зич нақш билан безатилади.
Нақш: теран маънога эга муқаддас рамз
Ўзбек дўпписидаги бир қарашда оддий безакдек туюладиган кашта, аслида, фалсафий ва маънавий мазмун билан суғорилган тимсол воситасидир. Ҳар бир нуқта, ҳар бир эгри чизиқ оддий шаклга ҳеч қандай алоқаси йўқ муқаддас маъно касб этади.
16 унсур ёй шаклида тасвирланган – ҳаёт айланиши ва янгиланиши рамзи. Кичик ёй – чақалоқ бешиги, ҳаёт бошланиши, катта ёй – тобут, инсоннинг сўнгги сафарини ифодалайди.
Кичик ёй тепасидаги нуқталар осмондан энаётган ёруғликни англатади. Катта ёй ичидаги нуқталар ёруғлик сўниши – ҳаётни тарк этиш рамзи. Шу тариқа айлана ёпилади: коинот кенгаяди ва қисқаради, туғилиш ва қазо ёнма-ён юради.
Дўппининг энг юқори қисмида баъзилар аччиқ қалампир, бошқалар бодом, яна кимлардир қуш қаноти, деб ҳисоблайдиган сирли рамз бор. Муқаддас китобларда тўрт даража бор: ташқи, ботиний, рамзий ва илоҳий. Шуниси эътиборга лойиқки, Чуст дўпписи Макка томон йўналтирилган кичик меҳроб шаклида букланиши мумкин. Шу билан бирга фазовий меъморчилик махмуни ҳам бор. Яна бир рамзий маъно – тўрт томон инсон ҳаётининг тўрт босқичи – болалик, ёшлик, камолот ва кексаликни анлатади.
Кичкина бош кийим – маънолар дунёси
Дўппи ўзида ғоя, рамз ва анъаналар дунёсини яширади. Умуман, нақшлар маъноси ҳақида турли қарашлар мавжуд. Бундай хилма-хиллик нафақат миллийлик белгиси, балки халқнинг асрлар давомида эҳтиёткорлик билан шакллантирилган чуқур маданий коди сифатида намоён бўлади.

Нақш ҳаёт, жасорат ва муҳофазадан сўзлайди
Энг кенг тарқалган нақш – бодом гули ҳаёт, янгиланиш ва унумдорликни англатади. Қадимда куч ва жасорат рамзи ҳисобланган қўчқорнинг жингалак шохи тасвири нисбатан кам тарқалган. Кўз эса ҳимоя воситаси, соҳибини ёмон кўздан асрайдиган тумордир.
Дўппи устига солинган геометрик фигуралар инсоннинг фазо, ер ва осмон билан боғлиқлигини акс эттириб, табиатдаги уйғунлик, ҳаётий мувозанатни сақлаш истагини ифодалайди.
Нақшларнинг ҳар бир сатри, ҳар бир қати ўзбек жамияти қадриятларидан пухта тўқилган безак – саховат, бирлик ва авлодлар давомийлиги намунаси, дейиш мумкин.
Меросдан модагача
Мода ўзгариши, қолаверса ўзбек жамияти дунёга очилиши муносабати билан дўппининг анъанавий аҳамияти ҳам ортиб боряпти. Тўй-маърака, диний маросим ва байрамлар, шунингдек расмий тадбирларда миллий ғурур рамзи сифатида кийиляпти.
Бугунги кунда дўппини замонавий мода кўргазмаларида чуқур маданий маънога эга услуб намунаси сифатида кўриш мумкин. Бундан ташқари қўлда тайёрланган асл ҳунармандлик маҳсулоти сифатида хорижга экспорт қилинмоқда.
Аёл қўллари, жамоавий юрак
Дўппи асосан аёллар ҳунармандлиги ҳосиласи. Қишлоқ ва шаҳарларда хотин-қизлар гўзаллик яратиш – мато танлашдан тортиб, охирги безак тикилгунча биргаликда ишлаш учун йиғилади. Жараён кунлар, ҳафталар давом этиши мумкин.
Айни амалиёт ўзбек халқининг жамоавий руҳини акс эттиради. Мислсиз маҳорат эса ижодий ва маданий мерос тарзида бувилардан невараларга кўчиб ўтаверади.
Хулоса
Ўзбек дўпписи шунчаки миллий кийим-бош эмас, балки халқнинг тарихи, кундалик турмуш тарзи, маънавий-географик оламини акс эттирувчи рамз-хотирадир. Бу эртакни нақш ва ипак тузилиши тили билан айтганда, асрлар оша гўзалликни кўра билган, момо мерос қадриятни келгуси авлодларга етказадиган халқ ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий асардир.
Аҳмад Жасим Аз-Зубайдий,
ЎзДЖТУ профессори,
ЎзА