Доимий алоқадаги авлод хавф остида
Инсоният тарихида ҳеч қачон ёшлар бугунги кундагидек оммавий ва доимий равишда ахборот оқимига боғланмаган. АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозир 13-17 ёшли ўсмирларнинг 95 фоизи ижтимоий тармоқдан фойдаланади, учдан бири эса узлуксиз онлайн ҳолатда. Бир қарашда ижтимоий тармоқ мулоқот қилиш, ўрганиш ва киши ўзини ифода этиши учун мисли кўрилмаган имконият яратаётгандек. Бинобарин, шифокорлар ва психологлар мазкур вазиятдан жуда хавотирга тушяпти: кўплаб тадқиқотлар ижтимоий тармоқ ўсмирнинг ақлий ривожланиши, руҳий ҳолати ва хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётганини исботламоқда. Бу шунчалик жиддий муаммоки, АҚШ бош шифокори айни ижтимоий ҳодиса болалар соғлиғи учун жуда хавфли, дея баҳолади ва зудлик билан ҳимоя чораларини кўришга чақирди.
Нуфузли манбалар – NIH, “Nature”, JAMA сингари илмий журналлар, экспертларнинг фикрлари ва APA, “Nicholas Carr”, “The Guardian”, NPR, “Euronews” каби ОАВ материалларига асосланган ушбу таҳлилий мақолада ижтимоий тармоқнинг ўсмирлар ва ёшларга салбий таъсири исботланган ҳолатларни кўриб чиқамиз. Таҳлил бир неча ўзаро боғлиқ жиҳатни қамраб олади: когнитив ўзгариш – хотира, диққат, фикрлаш, “рақамли миянинг чириши” феномени, руҳий саломатлик – хавотирланиш, тушкунлик, ФОМО, ёлғизлик, ўзини баҳолаш, хулқ-атвордаги оғишиш – тажовузкорлик, қарамлик, ҳамдардлик йўқолиши, тезкор қониқиш маданияти, гиёҳвандликка ўхшаш нейрофизиологик жараён, шунингдек замонавий ўсмирнинг яшаш муҳитини шакллантиришда алгоритм ва “рақамли детерминизм”нинг роли. Шубҳасиз, рақамли технологиянинг ижобий томони кўп. Ҳозир фақат айнан тадқиқотлар тасдиқлаган хатарларга эътибор қаратамиз.
Когнитив таъсир: “рақамли мия парчаланиши”дан эътиборни йўқотишгача
Ижтимоий тармоқ жадал оммавийлашиши туфайли ёш авлод ташвишли тарзда ақлий жиҳатидан ўзгармоқда. Олимлар хотира ёмонлашуви, анча вақт диққатни жамлаш қобилияти сусайиши ва тафаккур аста-секин “саёзлашуви”ни қайд этмоқда. Инглиз тилида шундай кенг тарқалган хавотирни ифодаловчи “brain rot” ("мия чириши") атамаси ҳам муомалага тобора мустаҳкам ўрнашмоқда. Оксфорд луғати 2024 йил “brain rot”ни “Йил ибораси” деб баҳолади ва “арзимайдиган онлайн контентга ҳаддан зиёд мурожаат қилиш оқибатида ақлий қобилият тахминий сусайиши”ни башорат қилди. Афсуски, бу шунчаки мажозий қараш, яъни метафора эмас, балки илмий маълумот сифатида миянинг “рақамли парчаланиши” ҳақиқатини тасдиқлайди. “The Guardian” газетасида келтирилган Гарвард, Оксфорд ва Лондондаги Қироллик коллежи тадқиқотлари кўрсатадики, ижтимоий тармоқдан ҳаддан ташқари фойдаланиш миянинг муҳим аъзоларида кул ранг модда ҳажмини камайтиради, хотирани заифлаштиради, узоқ муддат диққатни жамлаш қобилиятини пасайтиради ва асосий когнитив функцияларни бузади.
Буни PNAS тадқиқотининг ўн йиллик шарҳи ҳам тасдиқлайди: бир неча медиа минбар ўртасида доимий равишда алмашадиган одамлар ёки бошқача айтганда, ижтимоий тармоқнинг фаол фойдаланувчисига хос одатий ҳатти-ҳаракат қизиқквчилари маълумотни кетма-кет истеъмол қиладиганларга қараганда оддий эслаб қолиш борасида анча нўноқ экан. Қисқаси, видео лавҳадан хабар ва билдиришномага сакраб, иасмани тинимсиз айлантириш одати мияни чалғишга ўргатади ва афсуски, ишчи хотира ва маълумотни сақлаш қобилиятига путур етказади. 2018 йил Стенфорд университети хотира бўйича етакчи мутахассислари гуруҳи маълумот тўпламини таҳлил қилиб, шундай хулосага келди: мультимедиа турмуш тарзига ўч, бир вақтда бир неча экран ва илова билан ишлашга одатланганларда хотира ҳажми торайиши, диққат заифлашиши яққол намоён бўлади.
Диққатни жамлаш қобилияти йўқолиши – рақамли асрнинг энг оммабоп ақл кушандаларидан бири. 2004 йил ўртача фойдаланувчи муайян вазифага тахминан 2,5 дақиқа эътибор берган, ушбу кўрсаткич 2010 йил бир дақиқага тушди, бугунги кунда эса 50 сониядан ҳам камроқни ташкил қилмоқда. Калифорния университети профессори Глория Марк сўнгги йигирма йил ичида эътибор сусайишини кузатиб келган олима сифатида “Бу жамият учун ташвишли тенденция”, дея таъкидлайди. Ёзувчи ва илмий публицист Николас Карр мажозий тарзда айтганидек, интернет ва ижтимоий тармоқ инсонни доимий равишда ташқи таъсирга чалғийдиган ибтидоий одамга хос “табиий паришонхотирлик ҳолати”га қайтармоқда. “The Shallows” (“Саёзлик”) асари муаллифи 2010 йилдаёқ огоҳлантирган: узлуксиз узилиш ва билдиришномага асосланган веб-муҳит кишини чуқур ўқиш ва теран фикрлашдан узоқлаштиради. У ўзидаги ўзгаришни шундай тасвирлайди: тармоқдан фаол фойдалангач, узун матнни ўқиш қийинлашган – бир неча саҳифадан кейин мия “ирғиб туриб, почта ёки тасмани текшириш”ни талаб қила бошлаган. Доимий рақамли кўп вазифалилик нейрон алоқаси даражасида юзаки, узуқ-юлуқ идрок этиш одатини шакллантиради.
Ёш инсон мияси узлуксиз қисқа контент таъсирига учраганда, жисмоний ўзгаришга дуч келиши аёнлашмоқда. Нейровизуализация интернетга қарам шахсда кимёвий қарамликдаги каби мия аъзоларида таркибий ўзгариш мавжудлигини кўрсатмоқда. Масалан, қарор қабул қилиш, ўзини бошқариш ва хотира учун жавобгар префронтал пўстлоқда кул ранг модда ҳажми камайиши қайд этилмоқда. 27 нейротадқиқот таҳлили аниқ кўрсатдики, интернетдан ҳаддан ташқари фойдаланиш мукофотланиш ва импульсни назорат қилиш ҳудудида кул ранг модда камайишига олиб келади. Бундай ўзгариш “гиёҳванд модда, масалан метамфетамин ёки спиртли ичимликка қарамларда кузатиладиган ҳолатни айнан акс эттиради”. Баъзи олимлар аллақачон асаб тизими сурункали ахборот юкламаси шароитида ривожланаётган болаларда “рақамли ақли заифлик” хавфидан огоҳлантиришмоқда. Бошқача айтганда, кўнгил очар контентга эркин киришнинг ақлий қобилиятга таъсири жуда юқори бўлиб чиқмоқда: ташқи рағбатсиз ўрганиши, диққатни жамлаши ва танқидий фикрлаши тобора қийинлашиб бораётган авлод шаклланмоқда.
Руҳий саломатлик: ташвиш, депрессия ва ФОМО феномени
Ижтимоий тармоқдан фаол фойдаланиб ўсаётган ёшларнинг руҳий саломатлиги масаласи тобора жиддий аҳамият касб этмоқда. 2010 йилдан бошлаб тиббиёт ходимлари кўплаб мамлакатларда смартфон ва ижтимоий тармоқ кенг оммалашиши билан ўсмирлар орасида хавотир ва тушкунлик аломати кескин кўпайишини қайд этган. Оқ уй маълумотига кўра, сўнгги йилларда депрессия ёки хавотир ташхиси қўйилган болалар ва ўсмирлар сони қарийб 30 фоиз ошган. Инқирознинг асосий сабабларидан бири сифатида ижтимоий тармоқ таъсири кўрсатилмоқда. Тадқиқотлар мунтазам равишда ижтимоий тармоқда кўп вақт ўтказиш ва руҳий саломатлик ёмонлашуви ўртасидаги боғлиқликни тасдиқлайди. Масалан, JAMA Pediatrics журнали эътироф этишича, кунига 3 соатдан ортиқ вақтини ижтимоий тармоқда ўтказадиган ўсмирда руҳий муаммо, айниқса депрессия аломати ёки ожизлик ҳисси ривожланиши хавфи анча юқори. Минглаб ўсмирни қамраб олган яна бир узоқ муддатли тадқиқот натижаси экран қаршисида, биринчи навбатда ижтимоий тармоқда ўтказилган вақт кўпайиши кейинги йилларда депрессия аломати кучайишига сабаб бўлганини кўрсатган.
Айниқса, ўсмир қизлар заиф гуруҳ экани маълум бўлган. Буюк Британияда 14 ёшли 11 000 га яқин бола орасида ўтказилган тадқиқот кескин жинсий фарқни исботлаган: қизларда ижтимоий тармоқдаги юқори фаоллик депрессия аломати ортиши билан бевосита боғлиқ. Ўғил болада эса бундай боғлиқлик камроқ намоён бўлган. Депрессияга чалинган қизларнинг тўртдан уч қисми ўзини паст баҳолаши, қадди қомати, танасидан қониқмаслигидан огоҳ қилган. Уларнинг аксари кунига 7 соатдан кам ухлаган. Демак, бу ҳолатни айнан тунги онлайн фаоллик, кибербуллинг ва ўзини Instagram ёки TikTok’даги “ялтироқ” тасвирлар билан ҳаддан ташқари таққослашга боғлаш имконини беради. Умуман, ижтимоий тармоқ ёшларда ишончсизлик, ўзидан қониқмаслик ҳиссини кучайтирмоқда. Бирлашган Қироллик соғлиқни сақлаш жамияти томонидан ўтказилган сўровнома кўрсатдики, энг машҳур беш платформадан тўрттаси – “Instagram”, “Snapchat”, “Facebook” ва “Twitter” ёш фойдаланувчилар руҳиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. “Instagram” фаровонликка таъсир бўйича энг зарарли, деб топилиб, ёшларда ўзининг номукаммаллигидан хавотир ҳиссини кучайтириши таъкидланган. Сўровнома иштирокчилари айтишича, “Instagram” ва “Snapchat” каби визуал йўналтирилган манбалар ўз танасидан норозиликни кучайтиради, уйқу сифатини пасайтиради, хавотир ва депрессия даражасини оширади, ёлғизлик ҳиссини пайдо қилиб, муҳим нарсаларни ўтказиб юборишдан қўрқувни кучайтиради. Аслида, кўплаб ўсмирлар тенгдошлари билан кутилган яқинлашув ўрнига, ижтимоий тармоқдан тескари таъсир олмоқда – яккаланиш ҳисси ва ўзини бошқаларнинг мукаммал (“идеал”) ҳаёти билан ҳасадгўйларча таққослаш кузатилмоқда.
Ижтимоий тармоқ феномени FOMO (fear of missing out) – “муҳим нарсани ўтказиб юборишдан қўрқиш” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ. Дўстлар саҳифасидаги узлуксиз ёрқин янгиланиш ўғил-қизларда ўз ҳаёти бошқаларникига қараганда рангсизроқ ва зерикарли эканини ҳис қилиш хавотирини уйғотиши мумкин. Бу кишини ёмон доирага олиб киради: ўсмир воқеадан четда қолмаслик учун тасмани доимий равишда текширишга мажбур бўлади ва шу тариқа боғлиқлик ва хавотирни ривожлантиради. Сўровномага кўра, FOMO таъсири бўйича “Instagram” энг салбий платформа ҳисобланади – айнан шу манзилда фойдаланувчи “воқеалар марказида эмасман” ҳиссини кўпроқ туяди. Доимий равишда ижтимоий таққослаш ва имкониятни бой беришдан қўрқиш сурункали безовталик, уйқу бузилиши, ўсмирлар, ҳатто, тунда ҳам билдиришномаларни текшириши туфайли, асаб тизими ортиқча чарчаши яққол кўринади.
Тиббиёт мутахассислари таъкидлашича, кибербуллинг – ижтимоий тармоқнинг яна бир салбий томони ёшлар орасида хавотир ва депрессия бузилиши кўпайишига олиб келади. Онлайн муҳит кўпинча қурбонни янада қийнайди: ҳақорат, камситувчи изоҳ ёки таҳдид бир зумда ва тўхтовсиз тарқалади. Save the Children ташкилоти маълумотига кўра, интернетдаги таъқиб ва зўравонлик болада хавотир, тушкунлик, қўрқув ва ҳатто “яраланиш”дан кейинги стресс (PTSD) аломатини келтириб чиқариши мумкин.
Ижтимоий тармоқдан узоқ муддат фойдаланиш нафақат клиник депрессия хавфини оширади, балки ёлғизлик ҳиссини ҳам кучайтиради. Бу бизни боғлаши керак бўлган технология учун кутилмаган натижа ҳисобланади. АҚШ Соғлиқни сақлаш миллий институти томонидан молиялаштирилган тадқиқот натижасига эътибор қаратамиз. Ижтимоий тармоқда кунига 2 соатдан зиёд вақт ўтказадиган ёшлар деярли фойдаланмайдиган тенгдошларига қараганда ўзини 2-3 баробар кўпроқ ижтимоий жиҳатдан яккаланган ҳис қиларкан. Бундан ташқари руҳий ва ижтимоий саломатлик билан боғлиқ муаммо бир-бирини кучайтиради: ўсмир ўзини ёлғиз ёки тушкун ҳис қилганда интернет оламидан таскин топишга интилиши мумкин, аммо тасмани мақсадсиз айлантириб ўтириш, аксинча, ундаги бегоналашув ҳиссини янада чуқурлаштиради. Ижтимоий тармоқ заиф ўсмирда эҳтимолий кучайтирадиган овқатланиш меъёри бузилиши ҳолати ва ўз жонига қасд қилиш фикри пайдо бўлиши жамоатчиликда алоҳида ташвиш уйғотмоқда. “Meta” (“Facebook”) компаниясининг ички тадқиқоти даҳшатли манзарани намоён этмоқда: овқатланиш тартиби бузилиши мавжуд ўсмир қизларнинг 17 фоизида “Instagram” туфайли аҳвол ёмонлашган, 14 фоизида эса ўз жонига қасд қилиш фикри кучайган. Ахборотчи Френсис Хоуген томонидан ошкор қилинган ушбу маълумот кўрсатадики, ижтимоий тармоқ раҳбарияти ёш фойдаланувчи руҳиятига зарар етказишини яхши биларкан. Шундай бўлса-да, алгоритм ўсмирларга “мукаммал тана”нинг сунъий тасвиридан тортиб, ўз-ўзини йўқ қилишга ундовчи гуруҳларгача зарарли контентни мақсадли равишда тарғиб қилишда давом этган.
Қисқаси, ижтимоий тармоқ ёшлар онгида ҳиссий бўрон яратади: ўз номукаммаллигидан хавотирланиш, тушкунлик апатияси, муҳим нарсани қўлдан бой бериш қўрқуви (ФОМО), сохта мулоқот ичида ёлғизлик ҳисси ва ҳоказо. Буларнинг бари ахлоқий ваҳима эмас, балки илмий жиҳатдан тасдиқланган таъсир воситалари. АҚШ бош шифокорининг 2023 йилдаги ҳисоботида ижтимоий тармоқ болалар ва ўсмирлар руҳий саломатлигига жиддий хавф туғдириши ҳақида ишончли далиллар келтирилган. Гарчи, рақамли мулоқот баъзиларга фойда келтирса-да, умумий манзара жамиятнинг зудликдаги эътиборини талаб қилади.
Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, ижтимоий тармоқнинг ёшлар ақлий ривожланиши ва руҳий саломатлигига салбий таъсири ҳақидаги далиллар шак-шубҳасиз хусусият касб этади. Кўплаб тадқиқотлар натижасида аниқланган муаммолар – хотира ва диққат сусайиши, клип тарзида фикрлаш, хавотирланиш, тушкунлик, ёлғизлик ва ўзига нисбатан ҳурмат пасайиши – келажак авлоднинг ташвишли манзарасини яратмоқда.
Бинобарин, когнитив ва эмоционал бузилиш умумий зарарнинг фақат бир қисми. Ижтимоий тармоқ нафақат тафаккурни ўзгартиради, балки хулқ-атворга ҳам чуқур таъсир кўрсатади. Қарамликни шакллантиради, тажовузкорлик келтириб чиқаради ва алгоритм орқали шахсий мустақиллик чегарасини йўқотади.
Айни мавзудаги мақоланинг иккинчи қисмида рақамли қарамлик қандай пайдо бўлиши, ижтимоий тармоқ нима учун дофамин тузоғи сифатида ишлаши, алгоритм ёш фойдаланувчи эътиборини бошқаришда қандай роль ўйнаши ва нима учун вақт ҳамда эътибор учун кураш глобал муаммолар учун янги майдон бўлиб қолаётганини батафсил кўриб чиқамиз.
Абдуазиз Хидиров, ЎзА