Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан август ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни сифатида нишонланади.
Шу муносабат билан бугун Тошкентдаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда соҳа фахрийлари, тизимдаги меҳнат жамоалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида Президент Шавкат Мирзиёевнинг соҳа ходимларига йўллаган байрам табриги Президент матбуот котиби Шерзод Асадов томонидан ўқиб эшиттирилди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов сўзга чиқиб, соҳа вакилларини самимий муборакбод этди.
Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда қурилиш индустрияси янги босқичга кўтарилиб, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айланди. Қурилиш соҳасига замонавий технологиялар ва инновацион ёндашувларни жорий этиш ҳисобига унинг миллий иқтисодиётдаги улуши ошиб борди. Агар 2016 йилда умумий қурилиш ишлари ҳажми 30 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб, бу кўрсаткич қарийб 234 трлн. сўмга етди. Жорий йилда эса ушбу рақамни 254 трлн. сўмга етказиш кўзда тутилган.
Қурилиш соҳасидаги юксалишни янада яққолроқ тасвирлаш учун 2017 йилда мамлакатимизда бор-йўғи 11 мингта махсус техника мавжуд бўлганини, ҳозирги кунда эса уларнинг сони 44 мингдан ошганини қайд этиш кифоя. Бу эса соҳада техник таъминланганлик даражасининг қанчалик ошганини, қурилиш ташкилотларининг имкониятлари кенгайганини кўрсатади. Шунингдек, биргина 2024 йилнинг ўзида 2 минг 44 та кўп қаватли уйда 100 мингдан зиёд хонадон барпо этилди.
Аҳоли жон бошига тўғри келадиган уй-жой ҳажми 2020 йилдаги 16 квадрат метрдан 2025 йилда 19 квадрат метргача ошгани кўп йиллик режаларнинг самараси сифатида кўрилмоқда. Қурилиш ишлари нафақат мавжуд эҳтиёжларни таъминлаш, балки мамлакат инфратузилмасини тубдан янгилашга қаратилган.
Шунинг учун ҳам 2024 йили 21,4 миллион квадрат метр турар жой ва 19,1 миллион квадрат метр нотурар бинолар қурилиб, умумий ҳажм 40,5 миллион квадрат метрни ташкил этди. 2025 йилда бу кўрсаткич 45 миллион квадрат метрдан ошиши кутилмоқда.
[gallery-24692]
Уй-жой қурилишини рағбатлантириш мақсадида давлат томонидан ипотека ва айланма маблағлар ажратиш механизми самарали йўлга қўйилди. Жумладан, 2024 йилда 17 трлн. сўмлик ипотека кредити ажратилган бўлса, қурувчи ва девелоперларга 3 трлн. сўм айланма маблағ берилди. Бу орқали соҳага хусусий инвесторларни жалб қилиш, бозор иштирокчилари фаоллигини ошириш имкони яратилди. Қурилиш ишлари орқали бевосита ва билвосита иш ўринлари яратилаётгани ҳам муҳим омиллардан бири бўлди.
Масалан, 2024 йилда қурилган 100 минг хонадон ҳисобига пудратчилар, бошқарув ва сервис, қурилиш материаллари, транспорт каби соҳаларда 350 минг одам ишли бўлди. Жорий йилда эса 400 минг киши қурилиш соҳасида банд этилиши режалаштирилган.
– Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини барқарор қондириш мақсадида “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш дастури изчиллик билан амалга оширилмоқда, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Элёр Комилов. – Бугунги кунда 56 та массив ташкил этилган бўлиб, уларда 28 минг хонадондан иборат 543 та уй қурилган. Жорий йилда 135 мингта хонадон топширилиши кўзда тутилган. Ушбу массивларда фақат турар-жойлар эмас, балки ижтимоий, маданий ва инфратузилма объектлари ҳам қурилаётгани аҳолининг фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Яқин истиқболда, 2030 йилгача “Янги Ўзбекистон” массивлари сони 100 тага етказилиши белгиланган.
– Уй-жой қурилишида иштирок этаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида “Эскроу” тизими жорий этилди. Бу орқали ишончли девелоперлар бозори шакллантирилмоқда, – дейди қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Тоир Алиматов. – Шунингдек, мамлакат тарихида илк бор “Янги Тошкент” каби улкан лойиҳа амалга оширила бошланди. 20 минг гектар майдонда қурилаётган ушбу ҳудудда 2 миллион аҳоли учун қулай инфратузилма яратилади.
Ҳозирда 6 минг гектар ҳудудда 600 минг аҳолига мўлжалланган қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
“Янги Тошкент” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, “Янги Ўзбекистон” университети, Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ва музей, мақом маркази, махсус мактаблар ва давлат хизматчилари учун турар-жой мажмуалари барпо этилади. Бу шаҳар нафақат бошқача меъморий услуб, балки илғор маъмурий, таълим ва маданий инфратузилмаларни ҳам ўз ичига олган янги марказ сифатида ривожланади.
Қурилиш фаолиятида ижтимоий объектлар, хусусан, таълим муассасаларини барпо этиш масаласи ҳам алоҳида эътиборда. Шу мақсадда “Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси” ташкил этилди. 2025 йилда мазкур компания буюртмаси асосида 567 та таълим объектида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Бу орқали таълим инфратузилмасини замонавий талабларга мос равишда янгилаш мақсад қилинган.
Соҳада рақамлаштириш жараёнлари ҳам жадал ривожланмоқда. 30 дан ортиқ ахборот тизимлари ишга туширилиб, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали 22 та давлат хизмати рақамлаштирилди. Бу турли бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инсон омилини камайтириш ва очиқ рақобат муҳитини шакллантириш имконини берди. Тендер платформаси жорий қилиниши эса соҳадаги коррупцион ҳолатларга чек қўйишда муҳим роль ўйнади.
Сифат назорати ва жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида қурилишни кузатиш механизми тўлиқ қайта кўриб чиқилди. Қурилиш ва уй-жой коммунал жўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ўз фаолиятини тўлиқ рақамлаштирди. Барча инспекторлар махсус “body-kamera”лар билан таъминлангани уларнинг ишида объективликни ошириш, ҳар бир жараённи тўлиқ ҳужжатлаштириш имконини бермоқда. Шу билан бирга, барча ҳудудий инспекцияларда ташкил этилган “Қурувчи-операторлар штаби” орқали давлат бюджети ҳисобига олиб борилаётган қурилиш объектларини реал вақт режимида масофадан туриб кузатиш имкони яратилди.
Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилаётган қурилиш объектларида кузатув камералари ўрнатилиб, улар орқали назорат “Қурувчи-операторлар штаби” томонидан масофавий ва реал вақт режимида амалга оширилмоқда. Бу ўз навбатида камчиликларни вақтида аниқлаш ҳамда бартараф этиш имконини беради.
Қурилиш нархларини аниқ шакллантириш мақсадида “Қурилиш ресурслари миллий классификатори” яратилди. Ушбу платформадан 200 минг турдаги қурилиш материаллари ва ишлар рўйхати ўрин олган бўлиб, сметаларнинг аниқлиги ва иқтисодий асосланганини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакат миқёсида қурилиш ташкилотлари сони 30 мингтага етди, шунингдек, 12 мингта қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхона фаолият юритмоқда. Соҳадаги инсон капитали сифатига ҳам жиддий эътибор қаратилиб, 2023 йилда ташкил этилган Компетенцияни ривожлантириш институти орқали 11 мингдан зиёд мутахассис малакасини оширди.
Шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида ҳам янги босқич бошланди. Бош режаларни ишлаб чиқиш ва уларни геоахборот тизимига жойлаштириш жараёни йўлга қўйилди. 2024 йилда 146 та шаҳарсозлик ҳужжати рақамлаштирилган бўлиб, 2025 йилда бу кўрсаткични 180 тага етказиш режалаштирилмоқда. Ушбу жараёнлар қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасида давлат сиёсати тизимли, мақсадли ва замонавий асосда олиб борилаётганидан далолат беради.
Тадбир тантанали концерт дастури билан давом этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Очилбой Раматов иштирок этди.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/IVynraGnVYs?si=FEw_E-uNb_tpYlkO" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА