Айни пайтда юртимиз бозорларининг арзонлаштирилган расталарида 1 килограмм мол ва қўй гўшти ўртача 65-75 минг, тадбиркорлар растасида 95-100 минг, савдо марказларида 95-100 минг сўм, лаҳм гўшт 140 минг сўмдан сотилмоқда.
Арзонлаштирилган расталардаги 65-75 минг сўмлик гўштнинг бир кундаги сотилиши жами харидорларнинг 15-18 фоизини, тадбиркорлар растасидаги 90-95 минг сўмлик рўзғорбоп гўшт сотилиши харид қилувчиларнинг 82-85 фоизини, 110-130 минг сўмлик суяксиз (лаҳм) гўшт сотилиши 1-2 фоизни ташкил этади.
Шунингдек, пойтахт бозорларида гўштни аҳолининг харид қобилиятига мос равишда қисмларга бўлиб сотиш ҳам йўлга қўйилган.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг таҳлилларига кўра, Россияда 1 кг мол гўшти 10-12 доллар, Беларусда 6-8 доллар, Қозоғистонда 7-11 доллар, Тожикистонда 8-10 доллар, Грузияда 9,5-12 доллар, Озарбайжонда 9,5-12,5 доллар, Туркияда 12-14 доллар, шунингдек иқтисодиёти ривожланган Швецияда 46,2 доллар, Исландияда 38,86 доллар, Жанубий Кореяда 28 доллар атрофида сотилмоқда.
Таъкидлаш керак, Ўзбекистон дунёнинг гўшт арзон сотиладиган давлатлари сирасига киради. Шу ўринда савол туғилади: ўтган йилларга нисбатан юртимиз ва хорижда гўшт нархининг динамикасидаги сезиларли ўзгариш қандай юзага келди?
Жавоб соҳага ихтисослашган халқаро ташкилотлар мониторингларида акс этади. Яъни, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро озиқ-овқат жамғармаси (ФАО) таҳлилларига кўра, жорий йил апрель ойида дунё бозорида гўшт нархи индексининг ўртача қиймати 121,6 баллни ташкил этган. Бу мартдаги кўрсаткичдан 3,7 балл ёки 3,2 фоизга юқори. Ўтган йилга нисбатан 5 балл ёки 4,3 фоизга кўтарилгани маълум бўлди.
"Қўйлиқ" деҳқон бозорида ўтказилган ўрганишларга кўра, арзонлаштирилган гўшт расталарининг кенгайтирилгани ва гўштнинг арзонлаштирилгани сотувчини гўшт маҳсулотлари тез сотилиб, сифатсизланиб қолишидан сақланаётганидан хурсанд қилаётган бўлса, харидорларни эндиликда арзимаган пулга ҳам қийналмасдан хонадонига гўшт олиб кираётгани мамнун қилмоқда.
Бундан кўриниб турибдики, қилинаётган барча саъй-ҳаракатлар замирида халқ фаровонлиги ва инсон манфаати кўзланган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/F3SKAAB_nrY" title="Rastalarda go‘shtlar arzon sotilyapti – "Qo‘yliq" dehqon bozoridan reportaj" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Гулноза Бобоева, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА