Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда одил судловни таъминлашга оид қатор қонунлар муҳокама қилинди.
Хусусан, “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишни рақамлаштириш, инсон омилини камайтириш, суд ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай бўйин товлашнинг олдини олиш, фуқароларнинг мол-мулки ва пул маблағлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш зарурати юзага келаётгани қайд этилди.
Қонун билан ижро ҳужжатлари асосида аукцион савдоларида сотилмаган мол-мулклар ундирувчига натура шаклда ўтказилаётганда рўйхатдан ўтказувчи идоралар томонидан қўйилган барча тақиқлар давлат ижрочисининг қарори асосида бекор қилиниши белгиланмоқда. Бунда давлат ижрочисининг қарори мол-мулкларни тақиқларсиз давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлиши кўрсатилмоқда.

Қонунни ишлаб чиқишда бир қатор давлатларнинг илғор қонунчилик тажрибаси ўрганилган ҳамда инобатга олинган. Қонуннинг қабул қилиниши кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга, мол-мулкка нисбатан қўйилган таъминловчи чоралар давлат ижрочисининг қарорлари асосида бекор қилинишига, кредит ташкилотларининг муаммоли активлар улушини камайтиришга ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш, фуқароларнинг адолатли судга бўлган ишончини ошириш бўйича изчил чора-тадбирлар қабул қилингани таъкидланди.
Мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида ушбу қонун ишлаб чиқилди. Унга кўра, Жиноят кодексига суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини аниқлаштирувчи, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эса суд биносида тартибни бузиш тарзида судга ҳурматсизлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини белгиловчи, шунингдек,Иқтисодий процессуал кодекс ҳамда Солиқ кодексига солиқ органи иштирокидаги солиққа оид низолар маъмурий судлар томонидан кўрилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар ва қўшимча киритилаётгани айтиб ўтилди.
Муҳокама якунида қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА