Арманистон АҚШга ўз ҳудуди орқали Озарбайжондан анклав ҳудуд - Нахчивон Мухтор Республикасига ўтадиган транзит йўлагини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли эксклюзив ҳуқуқни беришни режалаштирмоқда. Бу хабарни “Рейтер” агентлиги Америка расмийларига таяниб тарқатган.
Маълумки, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 8 август куни Оқ уйда АҚШ раҳбари Дональд Трамп иштирокида музокара ўтказади ва ҳужжатларни имзолаш маросимида иштирок этади.
Мазкур лойиҳа “Халқаро тинчлик ва фаровонлик учун Трамп йўналиши” дея номлаш таклифи билдирилган. Тахминга кўра, йўлак Арманистон қонунчилигига мувофиқ ишлайди, АҚШ эса ҳудудни инфратузилма ва бошқарув консорциуми тартибида ижарага беради.
Агентлик манбаларидан бири бу қадам тижорий восита ёрдамида янги тўқнашувнинг олдини олишга қаратилганини айтди. Учрашувда Алиев ва Пашинян Қорабоғ можаросини тартибга солиш бўйича Минск гуруҳини тарқатиб юбориш назарда тутиладиган ҳужжатни ҳам имзолаши эҳтимоли бор.
С.Раҳимов, ЎзА