Қонун лойиҳасига шарҳ
Юртимиздаги мавжуд кўп қаватли уйларнинг 17 мингтаси 2-3 қаватли бўлиб, уларнинг 343 таси авария ҳолатида, техник жиҳатдан яроқсиз ҳисобланади. Таҳлилларга кўра, мазкур 2-3 қаватли уйлар ўрнида 7-9 қаватли 13,5 мингта замонавий уй-жой қуриш имконияти мавжуд. Бу эса ҳозирги ҳудудда тахминан 3 баробар кўп аҳолини уй-жой билан таъминлаш имконини беради.
Бу каби эскирган, фойдаланиш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уй-жойларни қайта қуриш, яъни реновация қилиш орқали шаҳар ва маҳаллаларни ободонлаштириш мумкин. Аммо кўп ҳолларда уй-жойи реновацияга тушган аҳоли вакиллари хавотирга тушади.
Эндиликда “уй-жойсиз қоламизми, уйимиз олиб қўйиладими” деган хавотирларга ўрин йўқ. Чунки, ушбу соҳадаги муносабатларнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда. Яъни, “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент қуйи палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Хўш, мазкур ҳужжат лойиҳасида эскирган уйлар ўрнида янгиларини барпо этишнинг қандай тартиб-қоидалари белгиланмоқда? Айниқса, уйи бузилишга тушган аҳолининг уй-жой таъминоти қай даражада эътиборга олинади? Бузиб, қайта қуриладиган ҳудудлардаги яшилликни сақлаб қолиш ва янги яшил зоналарни барпо этиш масалалари инобатга олиняптими?
Шу каби саволлар доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нуриддин Султонов мазкур қонун лойиҳасини шарҳлаб берди:
— “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасида шаҳарсозлик реновацияси асослари ва мақсадлари, мажбурий шартлари, асосий принциплари, реновация босқичлари белгиланмоқда. Реновацияни кимлар амалга ошириши мумкин, деган саволга лойиҳада аниқ жавоб келтирилган. Яъни, реновация давлат томонидан, шунингдек, инвестор ҳамда ўша ҳудудда яшовчи мулк эгалари томонидан амалга оширилиши мумкин.
Реновацияга тушган ҳудуднинг камида 25 фоизи яшил ҳудуддан иборат ҳолатда барпо этилиши назарда тутиляпти.
Бундан ташқари, мулкдорларга компенсация тўлаб бериш шакллари ҳам очиб берилмоқда. Яъни, мулк эгасига эски уйининг ҳажмидан кам бўлмаган, тайёр таъмирланган хонадон пастки қаватдан берилиши белгиланмоқда. Ёки уйнинг бозор қийматидаги баҳосида пул тўлаб берилади ёхуд бошқа ҳудуддан жой берилади.
Реновация қурилиш муддати 2 йил этиб белгиланмоқда. Бу муддатда ижарада яшаб турган аҳоли вакилларининг ижара пули ҳам тўлаб берилиши назарда тутилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/EAwTK415goY" title="Renovatsiya: “Uy-joysiz qolamizmi”, degan xavotirlarga o‘rin yo‘q" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Искандар Исматов (видео+монтаж), ЎзА