Ўзбекистон касаба уюшмалари ташкил топганининг 120 йиллиги арафасида Сирдарёда сув спорти бўйича қизғин беллашув бўлиб ўтди. Республика миқёсида ташкил этилган ушбу мусобақа Гулистон шаҳридаги сузиш ҳавзасида ўтказилди. Унда Тошкент шаҳри, Андижон ва Жиззах вилоятларидан ташриф буюрган саккиз ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган спортчилар Сирдарё мезбонлигида маҳорат синовидан ўтишди.
45 нафар иштирокчи учта ёш тоифасида куч синашди. Ҳар бир спортчининг ҳаракати диққат билан баҳоланди — техник етуклик, ирода ва тайёргарлик даражаси асосий мезонлардан бўлди.

Қизғин ва муросасиз кечган мусобақа якунида Андижонлик спортчилар учинчи, жиззахликлар иккинчи, мезбон — Сирдарё вилояти терма жамоаси эса фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Уларнинг ҳаракатлари нафақат мураббийлар, балки томошабинлар ва мутахассислар томонидан ҳам юқори баҳоланди.

Ғолиб ва совриндорлар Сирдарё вилояти касаба уюшмалари Кенгаши ҳамда вилоят спорт бошқармаси томонидан диплом, медал ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

– Мусобақа нафақат ғолибларни аниқлаш, балки ёшлар ўртасида сув спортини тарғиб қилиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва ҳудудлар ўртасида тажриба алмашиш учун муҳим майдонга айланди, – дейди Сирдарё вилояти касаба уюшмалари Кенгаши Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Хайрулла Аминов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири