Фарғона вилояти ҳақида гап кетганида у боғ-роғлардан иборат сўлим диёр, дейишади. Бу аслида ҳақ гап. Аммо вилоят ҳудудининг учдан бир қисми тоғ, тошлиқдан иборат қир-адирлар эканини биласизми? У жойларда бир туп кўчат ундириш учун дастлаб ердаги тошларни не азобда йиғиб-териб олиш зарурлигини, сув етишмаслиги учун тик қудуқларни анчайин чуқурликда қазиш лозимлигини-чи? Деҳқон, боғбон босиқлик билан дастлаб шу ишларни амалга оширади. Сўнгра... боғ яратади.
Неча асрлик Қува адирлари кун сайин чекиниб, ўрнини боғларга, узумзорларга бўшатмоқда. Уни яратаётганлардан бири “Garden” масъулияти чекланган жамиятидир.

– Умумий майдонимиз 110 гектар, – дейди “Garden” МЧЖ иш юритувчиси Рустамжон Ортиқов. – Бундан 47 гектари узумбоғ, 5 гектари балиқчилик, қолган майдонимизга чорвачилик фермамиздаги 100 бош қорамол, 300 бош зотдор қўйларга ем-хашак қилиш учун қора экин – макка, беда экилади.
Иш юритувчи Рустамжон Ортиқов камтарлик билан айтди бу рақамларни. Бир йилнинг ўзида 110 гектар адирни ўзлаштириш осон гапми? Қолаверса, унинг 47 гектарига энг ноёб навли узум экиб кўкартирибдилар.

– Бу йил “Аватар” навли узум экканмиз. Ер қуруқ ва тошлиқ бўлганлиги сабабли шу нав тўғри келар экан. Кейинги йилда мевасини кўрамиз, – дейди Рустамжон Ортиқов. – Биз нега “Аватар”ни танладик? Биринчидан, серҳосил, иккинчидан, сердаромад. Бу Ўзбекистон узум бозорида янгилик.
Ҳа, “Аватар” нави Ўзбекистон узумчилигида янгилик. Тадбиркор-боғбон 47 гектарда уруғидан олинган кўчатни экиб ундириб олишга эришган. Бунинг учун дастлаб томчилатиб суғоришни ташкил қилди. Ҳар уч метрда, уч метр қатор оралиғи билан 47 гектардаги 51183 туп кўчат остига томчилатиб сув олиб келди.

Тўғри, дастлаб тик қудуқ қазиди, зарур сиғимдаги сув ҳавзаси қурди, хорижий сув ҳайдаш ускуналарини ўрнатиб ишга солди. Тинимсиз ва узлуксиз меҳнат қилдилар. Мана натижаси: кўчат бехато гуркираб ўсмоқда.
“Garden” масъулияти чекланган жамияти яна бир янгиликка қўл урди. 47 гектар узумзорга тўлиғича қуёш панеллари ўрнатилмоқда.

– Ҳар бир устундаги қуёш панели 0,63 киловатдан электр энергияси ишлаб чиқаради. Жами 5 мегоВатт бўлади. Буни қўшимча даромад олиш мақсадида қилдик, – дейди Рустамжон Ортиқов.
5 мегоВатт электр энергияси боғнинг барча ҳаражатини қоплаб тадбиркорга яна ... келинг, унинг кутилаётган даромадини ҳисобламайлик. Лекин шуниси аёнки, қуёш панеллари келтирадиган даромад унга қилинган ҳаражатни икки йилга етмай қоплайди. Сўнгра соф даромад келтира бошлайди.
Ҳа дарвоқе, 110 гектарда камида 110 та янги ишчи ўрни яратиляпти. Тадбиркор улар учун шу ерда яшаб ишлашига энг қулай шароитлар яратди. Уларга барча қулайликка эга уй-жой қуриб бермоқда.
“Garden” масъулияти чекланган жамиятини янги Ўзбекистоннинг янги боғбони дейиш мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Z17AkYvWfXI?si=o8GYykcjmFnPNzWZ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари