Сув – оби ҳаёт. Бу муҳокама қилинмайдиган ҳақиқат. Сувнинг яна бир хислати бор. У ҳаёт фаровонлиги омилидир.
Қува тумани ҳудудидаги Каркидон сув омбори атрофи кўп йиллардан буён қаровсиз эди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан бу ерда жуда катта бунёдкорлик ишлари бошланди. У туризм масканига айлантирилиб ўн минг ички ва хорижий сайёҳ мароқли дам олиши мумкин бўлган мажмуа сифатида қуриляпти. Бош лойиҳага кўра сув омбори атрофида...

– Ҳовузлар, овқатланиш ва музқаймоқ шохобчалари, сельфи майдончалари бўлади. Замонавий “Мотокросс”, “Сафари” майдонларини ташкил қилиш режалаштирилган, – дейди Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳодиржон Хўжаматов. – Гул боғимиз ҳудудида пляж майдони ташкил этилади. Бундан ташқари, хитойлик ҳамкорларимиз сув омбори устидан 2 километр узунликда осма йўл қурилиши ишларини амалга ошириши режалаштирилган.
Бу ишлар бошланганига кўп бўлмади. Лекин бинолар аста бўй кўрсатяпти. Манзарали дарахтлар кўркамлик бера бошлади. Шу ўринда сув омбори атрофи тошлоқ қир-адирдан, паст-баландликдан иборатлигини алоҳида айтиш лозим. Уларни ободонлаштириш, сув билан таъминлаш учун бир неча тик қудуқлар қазилди. Ҳозир ҳам қазилмоқда. Сўнгра сув қир тепалигига бир неча босқич насосларда кўтарилиб, дарахтзорлар остига томчилатиб суғориш усулида олиб келиняпти. Чунки экотуризм ҳам назарда тутилган.

– 250 гектардан ортиқ ҳудудга мастер режа ишлаб чиқилган. Лойиҳалар тайёрланган, – дейди Баҳодиржон Хўжаматов. – Атрофдаги 300 гектар майдонда яшил макон ташкил этилиб, зарур инфратузилмалар, қурилиш ишлари бошланди. 10 гектар ҳудудда гулбоғ ташкил этиш, 30 гектар майдонда экотуризм ташкил этиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.
Сайёҳлик марказидаги ўн гектарлик гулбоғга дунёнинг энг гўзал, ноёб гул кўчатлари олиб келиш ҳақида шартномалар имзоланди. Хитойлик ҳамкорлар бу вазифани зиммасига олди.

Каркидон оромгоҳига келганлар мароқли дам олиши учун аквапарк ташкил этилади. Улар яшаши учун эса турли тоифадаги меҳмонхоналардан тортиб сув четига қўйиладиган капсула уйларгача бўлади.
– 200 ўринли меҳмонхона, 6 сотихли ҳовлиси бўлган 2 қаватли коттеж типидаги уй меҳмонхоналар қурилиш ишлари бошланган, – дейди Баҳодиржон Хўжаматов.

Айни чоғда Каркидон мажмуасига олиб борадиган йўллар кенгайтириб асфальтга тайёрланмоқда. Икки четда эса пиёдалар учун йўлаклар қуриляпти.
Тошкентда Чорвоқ мажмуаси бўлса, Фарғонанинг ундан қолишмайдиган Каркидон сайёҳлик маркази бўлади ва у келгуси йилдан дам олувчиларни қабул қилишни бошлайди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4bLgfbEcWQA" title="“Chorvoq”ning Farg‘onadagi raqobatchisi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов