Муносабат
Маълумки, шу йилнинг 4-5 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Республикасига амалий ташриф билан борди. Ушбу ташриф ва унинг доирасидаги муҳим учрашув ва келишувларнинг аҳамияти хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулчеҳра Тожибоева ўз муносабатини билдирди:

— Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатлар тобора юқори босқичга кўтарилиб бормоқда. Бу алоқалар ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва мустаҳкам дўстликка асослангани эътиборга моликдир. Айниқса, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси изчил ўсиб бормоқда. Жорий йил бошидан буён ушбу кўрсаткич 600 миллион долларга яқинлашди. Бу эса ўзаро манфаатли иқтисодий алоқалар изчил ва амалий ривожланаётганидан далолат беради. Айниқса, энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт каби стратегик тармоқлардаги ҳамкорлик янада чуқурлашяпти.
Шунингдек, “Шовот–Тошовуз” чегараолди савдо зонасини ташкил этиш борасидаги келишувлар икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши, чегараолди ҳудудлар ривожига кучли туртки бериши кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташриф доирасида қатор муҳим халқаро анжуманлар ва икки томонлама учрашувларда иштирок этиб, мамлакатимизнинг минтақавий ҳамда глобал ҳамкорликдаги ўрнини янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди.
5 август куни Президентимиз БМТнинг денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида иштирок этди. Туркманистоннинг Аваза шаҳрида ўтган мазкур анжуман ушбу тоифадаги 30 дан ортиқ давлатлар учун долзарб муаммоларни муҳокама қилиш ва халқаро ечимларни ишлаб чиқишга қаратилган муҳим платформага айланди.

Анжуманда транспорт ва логистика тизимини ривожлантириш, савдо жараёнларини соддалаштириш, иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига мослашиш, иқтисодий барқарорлик ва рақамли трансформация, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Президентимиз ушбу анжумандаги нутқида Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорлик, атроф-муҳит муҳофазаси ва инклюзив ривожланишга доир ёндашувини аниқ ифода этди.
Ташриф доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик масалаларига бағишланган тадбирда ҳам қатнашди. Бундай учрашувлар минтақа давлатлари ўртасидаги сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, ҳудудий хавфсизликни таъминлаш, чегаралараро алоқалар, сув-энергетика ресурслари ва транспорт-коммуникация соҳасидаги муаммоларни келишилган ҳолда ҳал этишда муҳим платформа вазифасини ўтамоқда.
Айниқса, Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилаётган навбатдаги Маслаҳат учрашуви доирасида қабул қилиниши кутилаётган келишувлар минтақада сиёсий барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш ва умумий стратегик мақсадларни мувофиқлаштиришни янада самарали амалга оширишга замин яратади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи нафақат икки томонлама муносабатлар, балки кенг минтақавий ва халқаро даражадаги ҳамкорлик истиқболларини белгилаб берадиган муҳим дипломатик қадамдир. Ўзбекистон бугун халқаро майдонда фаол, очиқ ва прагматик сиёсат юритаётган экан, унинг ташаббуслари нафақат миллий манфаатларга, балки минтақавий ва жаҳон миқёсидаги барқарор тараққиёт мақсадларига ҳам хизмат қилаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА