Қонун лойиҳасига шарҳ
Юртимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим- тарбияси ва саломатлигини асрашга устувор аҳамият қаратилади. Айниқса, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш энг долзарб масалалардан.
Яқинда парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган “Болаларни ижтимой ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бу борадаги ишларни тизимлаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.
Мазкур қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормалар ҳақида депутат Умида Раҳмонова батафсил гапириб берди:
— Ўзбекистонда вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини таъминлаш йил сайин такомиллашиб бормоқда. Чунки миллатимиз азалдан болажон халқ. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиши, тарбияланиши ва соғлиғини сақлашнинг кафолатини ҳам давлат ўз зиммасига олган. Бу Конституциямизда ҳам белгилаб қўйилган.
Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини яхшилашга қаратилган мазкур қонун лойиҳаси билан айнан мана шундай болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи кўзда тутилмоқда.
Амалиётда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари билан ишлайдиган жуда кўп ташкилотлар бор. Қайсидир ташкилот вояга етмаганларни васийлик ва ҳомийликка бериш билан, қайсидир ташкилот эса таълими, тарбияси билан ёки соғлиғи билан шуғулланган. Мана шу тарқоқ тизимни умумлашган бир тизимга бирлаштириш ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигига ёрдам беради.
Шу мақсадда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларни аниқлаш, рўйхатга олиш ва уларни муносиб тарзда жойлаштириш ваколати Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига юклатилмоқда. Вояга етмаганларга нисбатан васийлик ва ҳомийликни белгилаш шу вақтгача ҳокимлар зиммасида эди. Эндиликда эса бу ваколат “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг директорларига берилмоқда.
Шунингдек, болага тарбия, таълим ва тиббий хизмат кўрсатиш бўйича масъул шахс ўз вазифасини бажармаса, маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Зиммасига юклатилган мажбуриятни лозим даражада бажармагани учун васийлик, ҳомийлик ёки тутинган ота-оналик вазифаларини бажаришдан четлаштирилган шахсларга болалар фарзандликка берилмаслиги ва улар васий ёки ҳомий этиб тайинланмаслиги кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, педагоглар вояга етмаган шахсларга таълим-тарбия бериш борасидаги мажбуриятларини бажармагани учун бир йил давомида такроран маъмурий жавобгарликка тортилган тақдирда уларнинг таълим ташкилотларида педагоглик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланмоқда.
Умуман, қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормалар бола ҳуқуқларини кафолатлаш, уларнинг соғлом ва баркамол бўлиб улғайишига хизмат қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/BB6WIDqROYA" title="Bolaning ta’lim-tarbiyasi va sog‘lig‘iga mas’ullar o‘z vazifasini bajarmasa, javobgar bo‘ladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Искандар Исматов (видеомонтаж), ЎзА