Ёнғин шиддат билан тарқаладиган, бир зумда аланга олиб, ҳўлу қуруқни аямай домига тортадиган тилсиз ёвдир. Унинг оқибатлари аянчли ва оғир бўлиши, моддий бойлик, мол-мулк ва табиатга, энг ачинарлиси, инсон ҳаёти ва саломатлигига зиён етказиши мумкин.
Шу йил ёз мавсуми бошланганидан буён бир неча бор ўрмон ва тоғли ҳудудларимизда ёнғинлар содир бўлди. Хусусан, 23 июль куни соат 15:52 да Сурхондарё вилояти Шеробод тумани «Қизилолма» маҳалласи ҳудудида жойлашган Сурхон давлат қўриқхонасига қарашли ҳудудда йирик ёнғин юзага келди.
24 июль куни эса Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигининг Журакбау ўрмон бўлимида тахминан соат 11:20 ларда ёнғин чиққан ва соат 12:30 ларда қуршаб олинган.
Яна 31 июль соат 13:00да Бурчмулла ўрмон хўжалигига қарашли қир- адирликда ёнғин содир бўлиб, қуруқ ўт ёнаётгани тўғрисида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.
Ачинарлиси, ушбу ўрмон ёнғинлари оқибатида бир неча гектар ҳудудлардаги дов-дарахтлар, бута ва арчалар, ўт-ўланлар нобуд бўлди, ҳайвон ва қушларга зиён етди.
Бу каби ўрмон ёнғинларининг келиб чиқиш сабаблари нимада? Уларни бартараф этиш бўйича мавжуд имкониятларимиз қандай?
Шу каби саволлар билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи ўринбосари Самандар Ҳикматуллаевга мурожаат қилдик.

– Ўрмон ёнғинлари тезкорлиги ва шиддатли тус олиши билан ажралиб туради, — дейди Самандар Ҳикматуллаев. — Ўрмон ёнғинларининг энг асосий сабабчилари инсон омилидир. Сайёҳлар, дам олишга чиққан инсонлар томонидан қолдирилган турли чиқиндилар — шиша идишлар, суви билан қолдирилган пластик идишлар, батамом ўчирилмаган тамаки қолдиқларининг ташлаб кетилиши, шунингдек, гулхан ёқилиши каби ҳолатлар аянчли оқибатларни юзага келтириши мумкин. Масалан, шиша ва баклашкалар қуёш нурини бир нуқтага жамлаб, лупа эффектини ҳосил қилади ва ёниш юзага келади.
Тоғли, ўрмонзор ҳудудда кислород кўп, шамол эсиб туради, асосан қияликлардан иборат. Бу эса ёнғиннинг тез тарқалишига, шиддаткорлигига шароит яратади. Айрим йиллар қурғоқчил келади. Бу йил ҳам шундай кечди — ёғингарчилик кам бўлди. Бу эса ўт-ўланлар қуриб-қовжираб қолишига ва ёнғин юзага келганда жадаллашиб кетишига сабаб бўлади.
Тоғли ҳудудларда ёнғинларни қисқа фурсатда ўчириш бироз қийин. Чунки аксарият тоғли ҳудудларда сув йўқ, техникаларнинг ҳаракатланиши эса имконсиз.
Мамлакатимизда 2023 йилга қадар ўрмон ёнғинларида қутқарув отрядлари бўлмаган. 2023 йилдан бошлаб Зомин ва Бўстонлиқ туманларида ўрмон ёнғинларида қутқарув отрядлари ташкил этилиб, зарур техника ва воситалар билан таъминланди.
23 июль куни Сурхон давлат қўриқхонасида содир бўлган ҳолат ҳақида тўхталсак, ҳудуд аҳолисининг айтишича, охирги юз йил давомида бунақа ёнғин юзага келмаган экан. Тахминан 6 гектар майдонда қуруқ ўт, бута ва дарахтлар ёнган. Ёнғинни ўчиришга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ходимлари, ҳарбийлар, бир қатор мутасадди ташкилот ва идоралар вакиллари, ҳудуд аҳолиси жалб этилди. Ёнғин соат 22:25 да қуршаб олинган ва 24 июль соат 00:35 да тўлиқ ўчирилган.
Шу ўринда ижтимоий тармоқларда эртаси куни ҳам ёнғин давом этаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берсам. Албатта, бундай кўламдаги ёнғинда яхшигина чўғ ҳосил бўлади. Тоғли ҳудуддаги шамол ва кислород натижасида чўғ қайта алангаланиб, эртасига яна ёнғин бошланган.
Бурчмулладаги ёнғинда ҳам ФВВ ҳудудий органлари, Угом-Чотқол Миллий табиат боғининг ходимлари ҳамда ҳарбий хизматчилар, Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги ходимлари жалб этилди. Асосан қўл кучи билан, қолаверса, Мудофаа вазирлигининг вертолётлари ҳамда ёнғин ўчириш экипажи ёрдамида ёнғинни ўчириш ишлари олиб борилди, — дейди Самандар Ҳикматуллаев.
Дарҳақиқат, ўрмон ёнғинлари хавфлилиги ва ўчириш имкони бироз пастлиги билан аянчлидир. Табиий офатнинг юзага келиши эса биз инсонлар билан боғлиқ эканлиги янада ачинарли.
Яшил ҳудудларда тилсиз ёвнинг юзага келишига имкон яратиб бераётган сайёҳлар, дам олувчилар ўз қулайликлари билан бирга, аввало, табиатга зиён етказмаслик ҳақида ҳам ўйлаши лозим. Бу эса аҳолининг экологик маданияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Экологиямизнинг ёмонлашиб бораётганидан бонг урамиз, мусаффо ҳаво илинжида адирлигу тоғларга, ўрмонзорларга талпинамиз. Аммо бу табиий ҳудудларни асраш, унга зиён етказмаслик, чиқиндихонага айлантирмаслик ҳақида ҳам қайғуришимиз, табиатга масъул эканлигимизни унутмаслигимиз ҳам шарт. Эътиборсизлик ва маданиятсизлик билан ташлаб кетилган биргина шиша ёки пластик буюмларимиз қандай аянчли оқибатларга сабабчи бўлиши мумкинлигини ёдда сақлашимиз, табиатни асрашимиз лозим.
Муҳтарама Комилова, ЎзА