Мамлакатнинг барқарор ривожланиши, иқтисодий ўсиши ва ижтимоий фаровонлиги аҳоли сонининг ортиши билан узвий боғлиқ. Шу жиҳатдан демографик мувозанатни сақлаш ва аҳоли салоҳиятидан самарали фойдаланиш стратегик аҳамият касб этади. Бу борада халқаро ҳамкорлик муҳим ўрин эгаллайди.
Айниқса, Ўзбекистонда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) билан йўлга қўйилган ҳамкорлик аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ушбу йўналишдаги қўшма ташаббуслар орқали репродуктив соғлиқни мустаҳкамлаш, ёшлар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, демографик маълумотларни тўплаш ҳамда таҳлил қилиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хўш, Ўзбекистон ва UNFPA ўртасидаги ҳамкорлик қандай тамойилларга асосланган?
Ушбу саволга UNFPAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари Матлуба Умурзоқова қуйидагича жавоб берди:
– Ўзбекистон ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ишонч, тенглик ва барқарор тараққиёт тамойилларига асосланган. Ушбу ҳамкорлик доирасида аҳоли соғлиғи, репродуктив ҳуқуқлар, гендер тенглиги, ёшлар билан ишлаш ва демографик маълумотлар асосида сиёсат юритиш каби соҳаларда қўшма дастурлар амалга оширилади.
UNFPA Ўзбекистон ҳукуматининг миллий устувор йўналишларини қўллаб-қувватлайди ҳамда халқаро тажриба ва техник ёрдам орқали ислоҳотларга кўмаклашади.
Бугунги кунда Ўзбекистон демографик ривожланишнинг муҳим босқичида турибди. Аҳоли сони 38 миллионга яқинлашмоқда ва 2050 йилга бориб 50 миллиондан ошиб кетиши кутилмоқда. Мамлакат демографик дивиденд деб аталадиган босқичга, яъни аҳолининг асосий қисми меҳнатга лаёқатли ёшда бўлган даврга киряпти. Бу ҳолат жадал иқтисодий ўсиш ва ижтимоий фаровонлик учун қулай шарт-шароитлар яратади.
Бироқ мазкур имконият ўз-ўзидан амалга ошмайди. Бу, энг аввало, пухта ишлаб чиқилган сиёсат, инклюзив ислоҳотлар ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган сармояларни талаб этади. Барча фуқаролар, хусусан ёшлар, аёллар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалар мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш имконига эга бўлиши керак. Бу –демографик барқарорлик, яъни жамиятнинг ўсиш, фаровонлик ва ижтимоий уйғунликни таъминлаш учун демографик ўзгаришларни олдиндан англаш ва уларга мослашиш қобилиятидир.
UNFPA Ўзбекистонда амалга оширилаётган мазкур миллий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан ҳамкорлик самарали йўлга қўйилган. Турли тадбирлар ва давра суҳбатлари орқали ўзаро алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда.
Умуман олганда, демографик барқарорлик бу фақат бир идора ёки соҳанинггина вазифаси эмас. У барча секторлар ўртасида мувофиқлаштирилган ва комплекс ёндашувни талаб этади. Масалан, таълим тизими келажак учун рақобатбардош кадрларни тайёрлаши, соғлиқни сақлаш тизими эса аҳоли таркибидаги ўзгаришларга мослашиши лозим. Бандлик сиёсати инклюзив ва замон талабларига мос бўлиши, ижтимоий ҳимоя тизими эса қариш жараёни ҳамда оилавий ўзгаришларга тайёр бўлиши шарт. Гендер тенглиги ҳам мазкур стратегиянинг асосий устунларидан биридир.
Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, хотин-қизлар ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш нафақат маънавий бурч, балки иқтисодий зарурат ҳамдир. Агар гендер тенгсизлиги ва унга тўсиқ бўлувчи омиллар бартараф этилмаса, аҳоли салоҳиятининг катта қисми ривожланиш жараёнидан четда қолиши мумкин.
Ушбу йўналишдаги ишлар инсон капитали, инклюзив ўсиш ва ижтимоий адолатга қаратилган Миллий барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда “Янги Ўзбекистон - 2030” стратегиясига тўлиқ мос келади. Демографик барқарорлик ана шу мақсадларга эришишда муҳим восита сифатида намоён бўлмоқда.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.