Португалия ҳукумати сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясининг бўлажак анжумани арафасида Фаластин давлатини расман тан олиш имкониятини муҳокама қилишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Луиш Монтенегру Нью-Йоркда ўтказилган Фаластин-Исроил можаросига бағишланган халқаро анжуманда маълум қилган.
Расмий Лиссабон йиғинда “икки давлат ечими” ғоясини қўллаб-қувватлашини расман эълон қилди. Бош вазирнинг сўзларига кўра, ўлка ҳукумати, президент ва парламент ўртасида Фаластинни тан олиш бўйича маслаҳатлашув сентябрь ойида бўлиб ўтади.
– Тинчликни фақат сиёсий ечимлар орқали таъминлаш мумкин, - деди Луиш Монтенегру. – Икки давлат ечими — бу адолат ва барқарорликка олиб борувчи йўл.
Португалия Франция бошчилигидаги ташаббусни қўллаб-қувватлашини маълум қилар экан, бу ғоя Фаластин давлатчилигини тинч ва ҳуқуқий асосда барпо этишга қаратилганини маълум қилган.
Эсингизда бўлса, шу йилнинг июль ойи ўрталарида Лиссабон марказий кўчаларида Ғазодаги низони тўхтатиш талаби билан қатор намойишлар бўлиб ўтган эди. Маҳаллий аҳоли ҳукуматдан Ғазо секторидаги оғир гуманитар вазиятга жиддий ечимлар таклиф қилишини талаб қилиб чиққан эди. Шунга қарамасдан, Лиссабон узоқ вақт давомида эҳтиёткор тарзда “кутиш ва кузатиш”позициясини сақлаб келди.
Масалан, 2024 йил баҳорида Норвегия, Испания ва Ирландия бир вақтнинг ўзида Фаластин давлатини тан олганида, Португалия “ҳозирча вақти эмас” деб бу қарорни ортга сурган эди. Назаримизда, Франция ва Буюк Британия каби йирик давлатларнинг Фаластинни тан олиш ҳақидаги қарори Лиссабон расмийларини ҳам бу масалада олға қадам ташлашга ундаган бўлса ажаб эмас.
Айни кунларда Фаластиннинг давлат сифатида тан олинишмасаласи халқаро майдонда янада муҳим ва долзарб мавзуга айланмоқда. Франция, Бирлашган Қироллик, Канада, Мальта каби давлатлар бу масалада фаол позиция намоён этар экан, Португалиянинг ҳаракати ҳам жиддий эътиборга олинмоқда.
Португалиянинг Фаластинни эҳтимолий тан олиш қарори нафақат Европа Иттифоқида, балки кенг халқаро ҳамжамиятда ҳам сиёсий таъсирга эга бўлиши мумкин. Бу қадам минтақадаги тинчлик жараёнларига янги туртки бериши, шу билан бирга, ҲАМАС, Исроил ва АҚШ ўртасидаги муносабатларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/AtwdiS1-JaU?si=E6B7YJgYgJStzXsi" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА