Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг халқаро парламентлараро алоқалари тобора кенгайиб бораётгани қайд этилди. Йил бошидан буён хорижий ҳамкорлар билан турли форматда 120 га яқин учрашув ўтказилди.
Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси ютимизда ўтказилди. Глобал даражадаги мазкур йирик анжуман мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада оширди. Дунё парламентаризми ривожидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлади.
– Куни кеча Женевада дунё давлатлари парламентлари раҳбарларининг анжуманида иштирок этдик ва ушбу тадбирнинг очилиш маросимида, у ердаги барча ҳамкасбларимиз билан бўлиб ўтган мулоқотларда ҳам 150-Ассамблея натижалари юксак эътироф этилди, – деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Ассамблея доирасида мамлакатимиз илгари сурган рақамлаштириш, гендер тенгликни таъминлаш, ёшлар сиёсати ва экологик барқарорлик каби йўналишлардаги ташаббуслар юқори баҳоланди. Айниқса, Президентимизнинг глобал тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, иқлим ўзгаришлари оқибатларини юмшатиш, хотин-қизлар ҳуқуқларини қатъий қарор топтириш, ижтимоий ҳимоя ва сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорликни кучайтириш борасидаги фикрлари, таклиф ва ташаббусларига алоҳида урғу берилиб, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда мазкур йўналишлар муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Парламентаризмни қўллаб-қувватлагани учун Парламентлараро иттифоқ раҳбарияти томонидан Президентимизга юксак минбардан миннатдорлик билдирилди.
Жумладан, ёшларни парламент фаолиятига кенг жалб қилиш бўйича дастурий чоралар кўриш зарурлигига эътибор қаратилиб, Парламентлараро иттифоқ доирасида Ёшлар парламентлари глобал платформасини мамлакатимизда ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди. 2026 йилда Ёш парламент аъзоларининг 12-глобал конференциясига мамлакатимиз мезбонлик қиладиган бўлди.
Умуман олганда, халқаро ҳамкорларимиз Президентимиз бошчилигидаги ислоҳотларни юқори баҳолаб, Ўзбекистонни минтақадаги етакчи ва ишончли давлат сифатида кўрмоқда. Бу эса, халқаро майдонда, хусусан, парламентлар ҳамжамиятида ислоҳотларимизга ишонч ва хайрихоҳлик ортиб бораётганининг исботидир.
Хива шаҳрида биринчи Ўзбекистон – Озарбайжон парламентлараро форуми муваффақиятли ўтгани ҳам халқаро алоқаларимизни янгича мазмун билан бойитди.
Яқинда АҚШ Конгрессида “Ўзбекистон куни” тадбирлари юқори савияда ўтказилди. Конгресменлар Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, мамлакатимизни минтақадаги ижобий ўзгаришлар локомотиви сифатида эътироф этди. АҚШ компаниялари Олмалиқдаги мис кони лойиҳасига 4,5 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда.
– Умуман олганда, парламентлараро алоқаларимиз ана шундай реал натижадорликка қаратилиши, бунда, айниқса, олий даражада эришилган келишувлар ўз вақтида, сифатли амалга оширилиши диққат марказида бўлиши, бу борада парламент дипломатияси имкониятларини тўлиқ сафарбар этишимиз зарур. Шу нуқтаи назардан парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. 50 дан зиёд хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан тузилган гуруҳлар таркиби қайта кўриб чиқилиб, янгиланди. Уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида “йўл хариталари” шакллантирилмоқда, – деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова, ЎзА