Ҳуқуқни ҳимоя қилиш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг вақт ва маблағини тежаш, турли қоғозбозликларнинг олдини олиш, низоларни тарафларнинг ярашувига асосан тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган ҳуқуқий институтлар фаолияти йўлга қўйилди.
Хусусан, медиация институти, шунингдек ҳакамлик судлари томонидан низоларни судгача ҳал қилиш амалиёти мавжуд. 2019 йилда қабул қилинган “Медиация тўғрисида”ги қонун ҳамда Президентнинг 2020 йил 17 июндаги “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада янги босқични бошлаб берди.

Бироқ судларда иш ҳажми йилдан йилга ортмоқда, судга қадар ёки суд муҳокамаси пайти медиатив келишувларга эришиш сони эса атиги 4,2 фоизни ташкил қилади. Бу медиациянинг таъсир доирасини кучайтириш, соҳага ишончни янада ошириш зарурлигидан дарак беради.
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида юқоридаги фикрлар билдирилди.
Қонун ушбу масалаларнинг ҳуқуқий ечими сифатида ишлаб чиқилган бўлиб, “Медиация тўғрисида”, “Нотариат тўғрисида”, “Давлат божи тўғрисида”, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Солиқ ҳамда Оила кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, “Нотариат тўғрисида”ги қонунда нотариусга “Медиация тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибда чекланмаган медиатор вазифасини бажариш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда.
“Медиация тўғрисида”ги қонун янги боб билан тўлдирилиб, медиация соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб Адлия вазирлиги белгиланмоқда. Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида медиацияга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, медиаторларнинг касб этикаси қоидалари, уларнинг касбий малакасини ошириш тартиби ҳамда медиаторларни тайёрлаш дастурларини тасдиқлаш, қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкинлиги белгиланмоқда.
Медиация қўлланиладиган соҳалар доираси кенгайтирилиб, медиаторларнинг нопрофессионал тури қонунчиликдан чиқариб ташланмоқда ва медиаторларга олий маълумотли бўлиш талаби қўйилмоқда. Медиаторларнинг ҳар уч йилда малакасини ошириш зарурати, медиаторларнинг малака комиссиялари ташкил этилиши, медиатив келишувни мажбурий ижро этишга оид қоидалар киритилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун низоларни судгача ҳал қилиш механизмларининг амалиётда самарали ишлашини таъминлашга, медиация соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш орқали судларда иш юкламасини камайтиришга йўл очади. Шунингдек, Ўзбекистонинг бизнес юритиш соҳасидаги халқаро рейтингдаги даражасини ва инвестициявий имижини халқаро даражада юксалтиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА