Сенат ялпи мажлисини кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида барча йўналишларда янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари изчил давом этаётганига эътибор қаратди.
– Ҳудудлар палатаси сифатида, айниқса, туман ва шаҳарларни ривожлантириш борасидаги ишларни алоҳида эътироф этишимиз керак, – деди Т.Норбоева. – Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига барчамиз яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаёти узоқ вақт асосан қишлоқ хўжалигига таянган Жиззах бугун тамомила ўзгача шиддат билан ривожланиб, жадал саноатлашаётган ҳудудлардан бирига айланмоқда. Охирги 8 йилда 3,7 миллиард доллар инвестиция киритилган, 4 мингдан зиёд саноат корхоналари ишга тушган.
Президентимиз белгилаб берган устувор вазифалар асосида жорий йилда 2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, экспортни 285 миллион долларга етказиш ва энг муҳими, 168 минг одамни ишли қилиш бўйича катта марралар олинган.
Зомин туманида барпо этилаётган йирик Технопарк мисолида олсак, 1,2 миллиард долларлик 30 дан зиёд лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 70 миллион долларлик экспорт салоҳияти, 5 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.
Бу борадаги ишларни тўғри ва тизимли йўлга қўйиш орқали Зомин туманини ишсизликдан холи ҳудудга айлантиришнинг барча имкониятлари яратилади.
“Умуман олганда, бундай кенг кўламдаги ишлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида олиб борилмоқда. Масъулият, фаоллик ва ташаббускорлик билан ҳудудларимизни бунданда обод қилишимиз, камбағалликни кескин камайтиришимиз мумкин, –деди Сенат Раиси.
Н.Абдураимова, ЎзА