Янгилик
Техас А&М университетининг Тупроқшунослик ва ўсимликшунослик бўлими AgriLife тадқиқот маркази олимлари пахтанинг қийматини ошириш йўлида муҳим босқичга эришди. Марказнинг ўсимлик биотехнологи, фалсафа доктори Кейерти Разоре бошчилигидаги жамоа пахта уруғини озиқ-овқат маҳсулоти сифатида қўллаш бўйича илк амалий қадам ташлади.
Кейерти Разоре 30 йилдан ортиқ вақт давомида пахта уруғининг инсон саломатлиги учун фойдали бўлган хусусиятларини ўрганиб келмоқда. Госсипол – ўсимликда табиий учрайдиган ва ҳимоя вазифасини бажарадиган бирикма бўлиб, инсонлар ва айрим ҳайвонлар учун заҳарли саналади. Шу сабабли пахта уруғи асосан қорамол еми сифатида ишлатиларди. Олим томонидан яратилган ультра-паст госсиполли пахта эса бу тўсиқни йўқ қилиб, уруғни инсон ва турли ҳайвонлар учун хавфсиз оқсил манбаига айлантиради.
Мазкур технологияни жорий этишда Ўзбекистон дунёда биринчи бўлди. Техас А&М университети тизими билан расмий ҳамкорлик доирасида республика ушбу инновацияни амалиётга татбиқ қилишни бошлади. Бу ташаббус Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Геномика ва биоинформатика маркази орқали амалга оширилади. Марказ илгари RNAi асосида узун толали пахта навларини яратишда муҳим лойиҳаларга бош бўлган. Бу ҳамкорлик икки йўналишда фойда келтиради – Ўзбекистон учун янги биотехнологиялар, АҚШ учун эса илғор илмий ёндашувлар. Генетик материаллар ва биотехнологик ечимлар ўзаро алмашилади, бу эса икки давлат пахтачилигида синергетик ютуқларга йўл очади.
Кейерти Разоре ишлаб чиққан пахта навлари 2018 йилда АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан дала экинлари сифатида тасдиқланган. 2019 йилда эса АҚШ Озиқ-овқат ва дори воситалари бошқармаси ушбу навларни озиқ-овқат ва емиш сифатида фойдаланишга рухсат берган. Шунга қарамай, ҳозирча АҚШда бу хусусият тижорий уруғ компаниялари томонидан кенг жорий қилинмаган. Технологиянинг салоҳияти катта – пахта ўсимлиги оғирлик бўйича толага нисбатан 1,6 баравар кўпроқ уруғ беради. Ҳар йили дунёда 40 миллион тонна пахта уруғи етиштирилади. Агар бу миқдор хавфсиз озиқ-овқатга айлантирилса, миллионлаб инсонлар учун оқсил муаммоси ҳал бўлиши мумкин.
Икки томонлама илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ва илғор технологияларни юртимизга олиб киришда Техас А&М университети битирувчиси, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, биология фанлари доктори, академик Иброҳим Абдураҳмонов муҳим ташаббускор саналади.
– Энг илғор пахта инновацияларининг трансфер қилиниши Ўзбекистон пахтачилик саноати учун катта имконият, – дея фикрини билдиради Иброҳим Абдураҳмонов. – Бу нафақат илмий доиралар, балки ҳукумат ва фермерлар учун ҳам долзарб бўлиб, мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлиги мақсадларига тўлиқ мос келади.
Тадқиқот технологиялари RNAi асосида ультра-паст госсиполли хусусиятни Ўзбекистонга мослаштирилган навларга татбиқ этишга имкон яратади. Кейерти Разоренинг сўзларига кўра, Абдураҳмонов асос солган Геномика ва биоинформатика маркази ушбу технологияни ўзлаштириш учун зарур тажрибага эга. Бу марказ илгари RNAi асосида узун толали пахта навларини яратган ва тижоратга муваффақиятли жорий қилган.
Иброҳим Абдураҳмоновнинг қайд этишича, мазкур навлар Техас А&М ва АҚШ Қишлоқ хўжалиги тадқиқот хизмати билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Ультра-паст госсиполли пахта уруғи инсоният учун янги умид – глобал озиқ-овқат хавфсизлиги, барқарор пахтачилик ва икки томонлама илмий тараққиёт сари йўл очмоқда.
А.РУСТАМОВ, ЎзА