Инсон фаолияти кўп ҳолларда тўхтовсиз меҳнат ва интеллектуал босим билан кечади. Аммо тинимсиз меҳнат самарадорликни ошириш ўрнига, аксинча, чарчоқ ва бефойда уринишларга олиб келади. Шундай ҳолатларда “танаффус” тушунчаси инсон ҳаёти ва фаолиятида муҳим ўрин тутади. Танаффус – бу нафақат дам олиш, балки янги ғоялар туғилиши, фикрлар тартибга солиниши ва руҳий тикланиш давридир.
ХХ аср бошларида Туркистон таълим тизимида ислоҳот зарурияти кучли бўлган. Шундай даврда жадидчилик ҳаракатининг ёрқин намояндаси, педагог ва маърифатпарвар Абдулла Авлоний амалий педагогик фаолиятида ўзбек мактабларида танаффус жорий қилиш ташаббусини илгари суради. Ўша даврда диний мактабларда сабоқлар узлуксиз давом этар, ўқувчилар узоқ вақт давомида бир жойда ўтиришга мажбур бўлар, бу эса жисмоний ва руҳий чарчоқларга сабаб бўларди.
Авлоний замонавий педагогика ва тиббиёт тамойилларини ўрганиб, ўқувчилар соғлиғи, фаол фикрлаши ва руҳий ҳолатини инобатга олган ҳолда, дарс жараёнларига танаффуслар киритиш кераклигини таъкидлаган. Бу ўзбек мактабларида илк бор таълим жараёнининг инсонпарварлик асосида ташкил этилишига асос солди. У танаффус орқали нафақат болаларнинг дам олишини, балки жисмоний машқ қилишини, фикрини жамлаб олишини муҳим деб ҳисоблаган.
Танаффус фақатгина мактабларда эмас, балки замонавий иш фаолиятида ҳам муҳим воситага айланган. Бу борада Помодоро техникаси самарали мисоллардан биридир. Уни тадбиркор ва ёзувчи Франческо ишлаб чиққан. Техника асосида оддий тамойил ётади:
25 дақиқалик қисқа меҳнатдан кейин 5 дақиқалик дам ва ушбу жараён 3–4 марта давом этгандан сўнг 25–30 дақиқалик катта танаффус олинади. Бу услуб мия фаолиятининг доимий огоҳликда бўлишига, чарчоқнинг олдини олиш ва мотивацияни йўқотмасликка хизмат қилади. Психологлар бу техникани “самарали дам олиш воситаси” деб ҳам аташади.
Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, танаффус миянинг дам олиш режимидаги фаоллик тармоғини фаоллаштиради. Бу эса, кутилмаган ижодий фикрларнинг туғилиши, ўрганилган билимларнинг мустаҳкамланиши, руҳий барқарорлик ва стрессдан чиқиш имкониятини яратади.
Бугун умумтаълим мактаблари ва олийгоҳларда танаффус тушунчаси мавжуд. Лекин бу расмий кўринишдаги танаффус – яъни, дарслар орасидаги техник узилиш сифатида қабул қилинади. Аслида эса, танаффус – мақсадли ташкил этилган дам олиш, фикр алмашинуви, қисқа мушоҳада, ҳаракатли фаолият бўлиши керак. Кўплаб ривожланган давлатларда танаффус вақтида ўқувчилар мусиқа эшитади, боғда юради, енгил спорт машқлари бажаришади ёки фикрини кундаликка ёзиб чиқади. Бу эса уларда ҳаётни бошқариш кўникмаси, ўзини тинглаш маданияти ва соғлом психологик муҳитни шакллантиради.
Танаффус бугун психология, педагогика ва ҳаётий муваффақият чорраҳасида турган калитдир. Авлоний ўз даврида бу калитни бизга тутқазган. Бугун эса уни замонавий талқинда қўллаб, Помодоро техникаси, рақамли тозаланиш каби усуллар билан бойитиш ва ҳаётимизга татбиқ қилиш ўз қўлимизда. Зеро, тўхташ – бу орқага қайтиш эмас, олдинга интилишга куч йиғиш. Ҳар бир дарсда, ҳар бир меҳнатда, ҳар бир ҳаётий курашда тўғри ташкил этилган танаффус – бизни янада бардавом қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА