30 июль – Халқлар дўстлиги куни. Мазкур бирдамлик санаси Ўзбекистонда кенг нишонлаб келинмоқда.
Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Тошкент шаҳрида жойлашган Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказида “Ўзбекистон — Озарбайжон: ўзаро ишонч ва қардошлик муносабатларига асосланган ҳамкорлик” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Ёшлар парламенти аъзолари, дипломатик вакиллар, маданият ва таълим муассасалари ходимлари иштирок этди.
Учрашувда Марказ директори ўринбосари Нодир Алимирзаев икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг узоқ тарихга эга эканини, бугунги кунда ушбу алоқалар икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси натижасида юқори ишонч ва қардошлик руҳида ривожланаётганини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Озарбайжон нафақат сиёсий ва иқтисодий соҳаларда, балки таълим, маданият, фан ва ёшлар сиёсати йўналишларида ҳам самарали ҳамкорлик олиб бормоқда. Айниқса, икки давлат ёшлари ўртасидаги мулоқот ва тажриба алмашинуви, қўшма лойиҳалар ва форумлар, таълим дастурлари алоқаларни янада мустаҳкамламоқда.

Давра суҳбатида Ёшлар парламенти аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, икки томонлама муносабатларда ёш авлоднинг фаол иштирокини таъминлаш, қўшма тадқиқотлар ва лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини қайд этдилар. Ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва санъат каби йўналишлардаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш лозимлигига урғу бердилар.
Давра суҳбати доирасида икки халқнинг маданий мероси ва тарихи, замонавий сиёсий муносабатларига бағишланган кўргазма ҳам ташкил этилди. Тадбир якунида икки мамлакат ёшлари ўртасида маданий алмашинув дастурларини ривожлантириш, қўшма форумлар ташкил этиш таклифлари илгари сурилди. Ёшлар иштирокидаги бу каби тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, бирдамлик ва ҳамкорлик ришталари келгусида ҳам бардавом бўлишига, юртимизда миллатлараро тотувлик мустаҳкамлигига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА