Бугунги кунда дунёда рақамли технологиялар, стартаплар ва инновациялар соҳаси жадал ривожланмоқда. Бу жараёнда аёллар ҳам фаол иштирок этиб, янги ғоялар, замонавий ечимлар орқали жамият тараққиётига ҳисса қўшмоқда.
Рақамли технологиялар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Pitch & Rise: Стартап саҳнасида аёллар” номли тадбирда юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 70 нафарга яқин фаол хотин-қизлар иштирок этди. Улар ўз ғоялари, стартап лойиҳаларини тақдим этиб, шу орқали амалиётда тажриба алмашиш, муваффақиятли бизнес йўлини бошлаб олиш имкониятига эга бўлди.

Тадбирда амалий машғулотлар ҳам ташкил этилди. 11 нафар иштирокчи ўз лойиҳаларини саҳнада намойиш этди. Якуний баҳолаш натижаларига кўра, “Btle”, “Fonus” va “La Menu” лойиҳалари энг яхши учликдан жой олди.

— “Рақамли трансформация ҳар бир истеъдод эгасининг фаол иштирокини талаб қилади. Мамлакатимизда аёллар бу соҳада катта салоҳиятга эга эканини кўрсатмоқда, давлат эса улар учун зарур қўллаб-қувватлаш ва имкониятларни яратишга тайёр, – деди Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова.

Тадбирда таъкидланганидек, хотин-қизларни стартап экотизимига жалб қилиш бир марталик кампания эмас, балки Ўзбекистоннинг узоқ муддатли рақамли тараққиёт стратегиясининг ажралмас қисмидир.
Нигора Раҳмонова, ЎзА