Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Энергетика вазирлиги, "Ўзбекгидроэнерго" АЖ, Бўстонлиқ тумани ҳокимияти, Хитойнинг мамлакатимиздаги элчихонаси масъуллари, “TBEA Co., Ltd”, “China Aid for Shared Future” компаниялари мутахассислари, кенг жамоатчилик ва ОАВ ходимлари иштирок этди.
Унда энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов ва Хитойнинг мамлакатимиздаги элчихонаси вакили Сун Янь сўзга чиқиб, икки давлат раҳбарларининг ўзаро дўстона алоқалари ва олиб бораётган оқилона сиёсати туфайли ҳамкорлик барча соҳаларда мустаҳкамланаётганини таъкидлади. "Чорвоқ" шамол электр станцияси қурилиши бошланиши ҳам шундай яқин алоқаларнинг самараси сифатида қайд этилди.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда энергетика тармоғининг ажралмас қисми ҳисобланган “яшил” энергетика қайта тикланувчи энергия манбалари улушини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу сабабли, гидроэнергетика билан бирга, қуёш ва шамол энергияси ҳам стратегик йўналиш сифатида ривожлантириляпти.
"Ўзбекгидроэнерго" АЖ бошқарма бош мутахассиси Улуғбек Ҳикматовнинг маълум қилишича, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик, ўзаро ишонч ва узоқ йиллик дўстликка асосланган.
[gallery-24532]
– Давлатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 33 йил тўлди ва бу ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга замин яратади. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан қайта тикланувчи энергетика йўналишида Хитойнинг нуфузли ташкилотлари билан қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Хусусан, 2023 йил 17 октябрда Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони савдо департаменти кўмагида шамол электр станциясини қуриш бўйича ўзаро келишув меморандуми имзоланган эди. Бу келишув асосида ҳозирда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Чорвоқ шамол электр станциясини қуриш” лойиҳаси бўйича амалий ишлар бошланган. Хитой томонидан ажратилган беғараз грант маблағлари 28 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа 2025-2026 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган, – деди У.Ҳикматов.
Таъкидланишича, лойиҳа доирасида 20 мегаватт қувватга эга шамол электр станцияси қурилади. Унда йилига ўртача 50 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва 30 та янги иш ўрни яратилади.
Қурилиш бўйича ўтказилган тендер натижасига кўра, Хитойнинг “TBEA Co., Ltd” компанияси бош пудратчи сифатида танланган. Станция ишга тушгандан сўнг қарийб 20 минг хонадон электр энергияси билан таъминланади.
Ҳозирги пайтда бош пудратчи томонидан Тошкент вилояти ҳокимининг қарорига асосан ажратилган 10 гектар ер майдонида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Хитойдан келтирилаётган замонавий технологик ускуналар босқичма-босқич монтаж қилинмоқда.
Станция орқали ишлаб чиқариладиган электр энергияси йилига 811,1 минг метр куб табиий газ ёки 3,15 минг тонна кўмир тежаш имконини беради. Бу нафақат экологик тоза ечим, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали ҳисобланади.
Хитой элчихонаси вакили Сун Янь таъкидлаганидек, икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар изчил равнақ топмоқда.
–1992 йилда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган ва бу муносабатлар сўнгги йилларда янада жадал ривожланди. Икки давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. "Бир макон - бир йўл" ташаббуси ҳамда “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг уйғунлашуви ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратмоқда. Бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг энг ишончли савдо ҳамкорларидан бирига айланди. Мамлакатимизда 4200 га яқин Хитой компанияси фаолият юритмоқда. Шунингдек, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам изчил кенгаймоқда. Хитой “яшил” энергетикага ўтиш, қуёш ва шамол энергетикаси бўйича катта тажрибага эга. Ўзбекистонда эса 2030 йилга келиб қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бугун старт берилган лойиҳа ана шу жараённинг муҳим қисми ҳисобланади, – деди Сун Янь.
Шу маънода, “Чорвоқ” шамол электр станцияси қурилиши мамлакатимизда экологик тоза энергия ҳажмини ошириш бўйича татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг узвий давомидир.
Тадбир якунида икки томон масъуллари лойиҳа қурилишига рамзий старт берди.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА