Сув спорт турлари бўйича Сингапурда давом этаётган жаҳон чемпионати доирасида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Спорт вазирлиги вакиллари халқаро спорт ташкилотлари, бир қатор давлатларнинг олимпия ҳаракати раҳбарлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида учрашувлар ўтказмоқда.
Жумладан, Халқаро антидопинг ташкилоти (WADA) президенти Витолд Банка билан кечган мулоқот чоғида спортчилар саломатлигини асраш, допингга қарши курашиш тизимини кучайтириш, янги лойиҳаларни татбиқ этиш масаласида фикр юритилди.

Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси биринчи вице-президенти, Қатар олимпия қўмитаси Президенти Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистон-Қатар ўртасидаги кўп қиррали дўстона муносабатлар йилдан-йилга ривож топаётгани таъкидланиб, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани эътироф этилди.
Шунингдек, ҳар икки давлат терма жамоаларини йирик комплекс мусобақаларга тайёрлашда қўшма йиғинлар ташкил этиш, маҳаллий мутахассисларнинг малакасини оширишда тажриба алмашиш, олимпия ҳаракатининг истиқболига доир масалалар муҳокама қилинди.

Корея Республикаси спорт ва олимпия қўмитаси президенти Сёнг Мин Рю билан мулоқотда ҳар икки давлат ҳамкорлигида жисмоний тарбия ва спорт ҳаракатида амалга оширилган кенг кўламли алоқалар янгича форматда давом этаётгани қайд этилди.
Келгусида бир қатор олимпия спорт турларида тажриба алмашиш, халқаро ўқув-йиғинлар ташкил этиш, истиқболли лойиҳаларни ҳамкорликда рўёбга чиқариш борасида “йўл харитаси” ишлаб чиқилиши бўйича келишувга эришилди.
Т.Рўзиев, ЎзА