Тошкентдаги “Юнусобод“ спорт саройи ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуасида волейбол бўйича U-19 эркаклар миллий терма жамоалари ўртасида давом этаётган жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқич ўйинлари якунланди.
Бугун, 30 июль куни 1/8 финал босқичи учрашувлари старт олади.
Кеча Ўзбекистон U-19 терма жамоаси жой олган “А” гуруҳида Аргентина-Покистон жамоалари ўртасидаги ўйин ҳар жиҳатдан муросасиз кечди. Чемпионат давомидаги ўйинларда бирор марта мағлубиятга учрамаган покистонликлар Жанубий америкаликлар олдида ожиз қолди. Шиддатли кечган баҳсда Аргентина 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
[gallery-24529]
Бельгия терма жамоасига қарши ҳаракатланган ҳамюртларимиз Европанинг маҳоратли жамоасидан очко тортиб ола билмади. Бельгияликлар ушбу учрашувда 3:0 ҳисобида устунликка эришди. Туркия жамоаси Пуэрто-Рикони 3:0 ҳисобида доғда қолдириб, гуруҳ ўйинларидаги илк ғалабасини тантана қилди.
“Б” гуруҳида Франция терма жамоаси ўтган 4 та ўйинда мағлуб бўлмаган Болгарияни 3:0 ҳисобида енгган бўлса, Япония Жазоирни, Хитой Канадани 3:0 кўринишида таслим этди.
“Д” гуруҳида Финляндия Колумбия жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этиши ортидан гуруҳда етакчиликка эришган бўлса, АҚШ Корея устидан 3:1 ҳисобида, Бразилия Кубани 3:0 ҳисобида мағлуб этди.
“C” гуруҳида Польша Миср жамоаси устидан (3:0), Италия Эрон жамоасидан (3:1), Испания Тунисдан (3:0) ҳар жиҳатдан муваффақиятли жамоа эканини намойиш қилди.
Ўз гуруҳида жаҳон волейболида ўз ўрнига эга бўлган Покистон, Бельгия, Аргентина жамоаларидан кейин 4-ўринни эгаллаган Ўзбекистон U-19 терма жамоаси бугун 1/8 финалда “С” гуруҳида 1-ўринни қўлга киритган Италия терма жамоасига қарши майдонга тушади.
Кун мобайнида шунингдек, 1/8 финалда Испания-Аргентина, Шимолий Корея-Хитой, Покистон-Польша, Болгария-АҚШ, Бельгия-Эрон, Франция-Бразилия, Финляндия-Япония қарама-қаршилигидаги ўйинлар бўлиб ўтади.
Жаҳон чемпионати ўйинлари 3 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
А.Мамадаминов (сурат)
ЎзА