Греция пойтахти Афина шаҳрида спорт курашлари бўйича U17 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионати давом этмоқда. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 2 та олтин медални нақд қилди.
Юнон-рум кураши бўйича вазни 48 килограммгача бўлган Бунёд Ҳасанов жаҳон чемпионлиги учун қозоғистонлик Нурдавлат Кумарулига қарши гиламга чиқди ва 10:1 ҳисобида зафар қучди. Шунингдек, 80 килограммгача вазнда ҳамюртимиз Абдулазиз Холмирзаев сўнгги ҳал қилувчи финал учрашувини грузиялик Лука Мартиашвилига қарши ўтказиб, якунда 14:7 ҳисобида ғолиб бўлди.

Энди юнон-рум кураши баҳсларида яна икки нафар полвонимиз финал босқичида гиламга чиқади. Дастлаб -51 килограммгача вазнда Отабек Турсунов озарбайжонлик Ҳикмат Ҳагвердиев билан олтин медаль учун курашча, -71 кг. тоифасида Беҳрузбек Валиев грециялик Димитриос Соулисга қарши чемпионлик даъвосида гиламга чиқади.
Маълумот ўрнида, эртага жаҳон чемпионатининг аёллар кураши бўйича дастлабки финалчилар аниқланади. Ушбу йўналишда Ўзбекистон терма жамоаси қуйидаги таркибда иштирок этади:
-40кг: Шоҳиста Шоназарова;
-43кг: Мухлиса Машарипова;
-49кг: Машҳура Абдумусаева;
-65кг: Муҳайё Раҳимжонова;
-69кг: Дилрабо Дуллиева
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА