Қарор ва ижро
Носир дамасчиникида ҳашар бўлаётган эмиш. Зокир раиснинг тўйида ўн чоғли меҳмонга жой етмай қолибди. Қодир чўпоннинг қизи ўқитувчиликка ўқишга кирибди. Ойгул чеварнинг боласи эса учинчи йил ҳам йиқилибди. У энди қишлоққа бормайман, қандай бош кўтариб юраман деганмиш...
Яхшими, ёмонми хабар деган нарсанинг қаноти бўлади. Хуллас, маҳаллада ҳамиша дув-дув гап бўладиган мавзулар кўп.
Бунақа аниқ манзилли, кўпчилик биладиган ва тушунадиган хабарлар маҳаллаларда бўлади.
Маҳалла – бу оддий бир манзил номи эмас, балки халқимизнинг қадимий ва ўзига хос ижтимоий институтидир. У жамиятда ҳар доим хабардорлик, бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат ўчоғи бўлиб келган. Ушбу тузилма нафақат анъаналарни сақлайди, балки аҳоли фаровонлиги ва тинчлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Халқимизда бир болага етти маҳалла ота-она деган гап бор. Бу ибора бир боланинг тарбияси фақат унинг ота-онаси зиммасида эмаслигини англатади. Бунда жамият, маҳалла, қўшнилар, қариндошлар ва атрофдаги катталар ҳам жавобгар деган қадрият бор. Бола дейилганда маҳалланинг келажаги ҳам назарда тутилади. Халқ ибораларида мана шундай рамзий жиҳатлар ҳам бор.
Агар бир бола нотўғри йўлга кириб қолса, фақат унинг оиласи эмас, балки маҳалланинг ҳаловати йўқолади. Маҳаллада мамлакатда бўлаётган ўзгаришлар нафаси сезилиб туради деган гапда ҳеч қандай муболаға йўқ.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 8 июль куни маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишган эди. Бу мамлакатда аҳоли тинчлиги ва фаровонлиги, маҳаллалар осойишталиги Президентнинг доимий эътиборида бўлган йўналиш эканини англатади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил бошида – 3 январда “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланган эди.
Мазкур қарорда соҳа идоралари учун 2025 йилда ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш устувор вазифа этиб белгиланганди. Шунингдек, криминоген вазияти оғир маҳаллаларга масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилди.

Ўтган даврда ҳар бир вилоят, туман ва маҳалла бўйича манзилли “йўл хариталари” асосида ижтимоий профилактиканинг самарали тизими йўлга қўйилди. Жамоат жойларини рақамлаштириш қамрови оширилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот олийгоҳлари томонидан илмий-амалий ўрганишлар ўтказилди.
Алоҳида эътибор вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар ва оила-турмуш муносабатлари доирасидаги жиноятчиликни жиловлашга қаратилди. Бунинг натижасида беш минг икки юзта маҳаллада бирорта ҳам жиноят бўлмади.
– Давлатимиз раҳбари тақдимотда 3 январдаги Президент қарори ижроси қандай бораётганига алоҳида эътибор қаратди, – дейди Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов. – Бу борада қилинган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг ўтган олти ойида мамлакатимиз маҳаллаларининг эллик беш фоизида бирорта жиноят содир этилмади. Бу рақамлар билан ортиқча хотиржамликка берилмасдан, йил якунига қадар саккиз юз йигирма еттита қизил тоифадаги маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, энди профилактика инспекторлари, тезкор-қидирув, патруль-пост ва қўриқлаш хизмати фаолияти кучайтирилиб, аҳоли хавфсизлиги жойларда таъминланади. Бутун тизимни пастга тушириб, ҳар бир маҳаллани “жиноятчиликдан холи ҳудуд”га айлантириш чоралари кўрилади.
Шунингдек, таълим ва малака дастурларини замонавий хавф-хатарларга мослаштириш, ходимларнинг жанговар ҳамда руҳий шайлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Аҳоли фаровонлиги фақат иқтисодий бойлик билан белгиланмайди. Ижтимоий муҳит, тинчлик ва тартиб-интизом каби омиллар фаровонликни тўкис қилади. Мана шу жиҳатдан маҳалла ҳар бир инсоннинг ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади. Агар маҳаллада хотиржамлик, адолат ва меҳр бўлса, албатта, одамлар ўзини хавфсиз ва бағрикенг муҳитда ҳис қилади.
Маҳалла жамиятнинг таянчи. У одамларни жипслаштиради, юртда тинчликни мустаҳкамлайди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири