Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Женева шаҳрида Парламентлараро Иттифоқ (ПИ)га аъзо мамлакатлар парламентлари аёл спикерларининг 15-саммити доирасида қатор нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Жумладан, ПИ президенти Тулия Эксон билан ўтказилган учрашув давомида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси доирасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган рақамлаштириш, гендер тенгликни таъминлаш, ёшлар сиёсати ва экологик барқарорлик каби йўналишлардаги ташаббуслар юқори баҳоланди.
Суҳбат чоғида ёшлар ва хотин-қизлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, хусусан, ёшларни парламент фаолиятига кенг жалб қилиш бўйича янги дастурларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Сенат Раиси Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Ёшлар парламентлари глобал платформасини ташкил этиш ғояси илгари сурилганини эслатиб ўтди ва 2026 йилда Ёш парламент аъзоларининг 12-глобал конференциясига Ўзбекистон мезбонлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Сенат Раиси ПИ Бош котиби Мартин Чунгонг билан учрашув ўтказди. Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Парламентлараро Иттифоқ ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур ҳамкорлик йилдан-йилга тобора жадал ва самарали тус олаётгани алоҳида қайд этилди.
Томонлар келгуси йилда мамлакатимизда бўлиб ўтиши кутилаётган Ёш парламент аъзоларининг 12-глобал конференцияси ташкилий жиҳатларини муҳокама қилди.
Шу билан бирга, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро ҳамкорликка бағишланган 3-глобал форумни Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Н.Абдураимова, ЎзА