“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!”
Ёз чилласи. Эрта тонгдан қуёш кўзни қамаштиради. Қўшни сўроқлаб келди. Қуюқ саломлашгач, муддаога ўтиб қўя қолди:
– Ҳамсоя узр, сизни безовта қилдим. Чегарадаги савдо маркази (“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси, демоқчи)га бориб келмаймизми?
– Эрталабданми..?
– Дам олиш куни экан. Вақтингиз бўлса керак. Бир айланиб, томоша қилиб қайтсак, дегандим. Етиб олгунимизча кун ҳам яхшигина қиздириб бошлайди. Кўп қолиб кетмаймиз. У ёқ, бу ёғини томоша қиламиз. Афғонларнинг бир кўк чойи бор экан. Сизга ўша чойни тавсия қилмоқчиман. Таъми хушбўй. Бир неча кун ичган эдим қон босимим чиқмай қолди. Кечки пайт шу чойдан ичиб ётсам, жуда тинч ухлаяпман.
– Эээ, шунақа, денг. Дўконларида қадоқланган заъфарон ҳам бор. Олсангиз, зарар қилмайди. Қадимдан шифобахшлиги билан дунёда машҳур бўлган ноёб ўсимлик.
Қўшнимнинг ёши етмишдан ошган. Кўриниши тетик. Хушфеъл. Гурунглари сермазмун. Давраларда кўп гапирмайди. Субҳидамдан яёв юриб, кўча айланадиган одати бор. Гоҳо соғлигидан андак шикоят қилиб турар эди. Бугун чеҳраси жуда очиқ. Қон босими кўтарилмаётганини эшитиб, суюндим. Ўзбекистон – Афғонистон чегарасидаги халқаро савдо марказига бирга борадиган бўлдик.
***
Ўтмишдан қадимий Термиз дунёнинг йирик савдо-маданий маркази сифатида Ғарбу Шарқни бир-бирига боғлаб турган. Амударёнинг икки қирғоғида яшайдиган ўзбек ва афғон халқларини эса яқин қўшничилик, ўзаро дўстлик ришталари, муқаддас диний-маънавий қадриятлар, бир-бирига ўхшаш удумлар бирлаштирган. Аждодларимиз савдо-сотиқ, илм-фан ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилган. Бир неча минг йиллик тарих боғлаб турадиган бу алоқалар халқларимизнинг биргаликда ноёб маданият яратишида муҳим ўрин тутган. Буюк ипак йўли ва ундан аввалги даврларда ҳам эски кент минтақаларни бир-бири билан боғловчи муҳим марказ, жаҳон халқларининг халқаро тижорат ва мулоқот майдони сифатида донг таратган. Шаҳарсозлик, ҳунармандлик, илм-фан, деҳқончилик, савдо ривожланган. Афсуски, ўтган асрда икки халқ ўртасидаги мулоқотга сунъий тўсиқ қўйилди. Савдо, маданий ва бошқа алоқаларга дарз кетди. Амударё ёқалаб, симтўр ўрнатилди...
Савдо маркази тарафга йўлга чиқаётиб, қўшнига юзландим:
– Ҳамсоя шу десангиз халқаро бозорга иштиёқманд яна бир танишим бор. Исми Пўлат бобо. Сиздан уч-тўрт ёш кичкина бўлса керак. Кўп йиллар турли ташкилотларда раҳбар бўлган. Ҳалим инсон. Шу киши ҳам агар халқаро савдо марказига йўлингиз тушса, мени ҳам олиб кетсангиз, деган эди.
– Яхши таклиф, – деди қўшни.

Учовлон йўл-йўлакай ўзбек ва афғон халқларининг қадимдаги муносабатлари, Термизнинг сайёрамиздаги шуҳрати, кечмишлари ва буюк алломалари ҳақида билганимизча суҳбатлашиб кетдик. Шўролар даври ва мустақиллик йилларидаги айрим воқеа-ҳодисаларни эсладик. Айритомга етиб келганимизда икки халқнинг ўтмишдаги ришталари қайта боғланаётганига шукрона айтдик. Бизга катта йўлнинг чап тарафида Амударё бўйидаги Ўзбекистон – Афғонистон чегарасининг шундоқ биқинида мағрур қад ростлаб турган “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси бағрини очди.
– Аввал ҳам келганмисизлар, – сўрайман атрофга қизиқиб назар ташлаётган йўлдошларимдан?
– Эшитиб, кўпдан буён келишга иштиёқманд бўлиб юрган эдим, – дейди Тўра бобо. – Охири эрта тонгда кўчани айланаётиб, шу бугун келишга аҳд қилдим. Ҳамсоям уйда бўлса, бирга борарман, деб эшигингизни қоқдим. Таклифимни рад этмаганингиз учун раҳмат, қўшни!
– Энди гап бундоқ, – дейман ҳамроҳига ташаккур айтган қўшнига. – Сизларни бу жой билан таништирмасам бўлмас. Биласизларми, мажмуа 36 гектар майдонда қурилган. Бир бошидан айланиб, томоша қиламан, десангиз бир кун етмайди. Катта жой. Бу ёғи ҳа, демай кун ҳам тандирдек қизиб қолади. Мен йўлда бир замонлар Термизнинг халқаро савдо-маданий алоқалар майдони бўлгани ҳақида гурунг берган эдим. Амударёнинг ҳов, Пайғамбар ороли рўпарасидаги тарафида карвонларнинг қўналғаси бўлганини ҳам айтгандим. Марказий Осиёда ҳали муқобили йўқ йирик бу иншоотнинг меъмори бўлган Президентимиз шаҳримизнинг қадимги ўша довруғини қайта тикламоқда. Ҳозир бу ерни айлансангиз, афғон қўшниларни, қозоқ бовурлар, хитойлик биродарлар ва бошқа миллат вакилларини учратасиз. Қадимда ҳам бугунгидек дунё халқларини савдо-сотиқ, илм-фан, осуда ҳаёт йўлида бирлаштирган Термизнинг жаҳон халқлари учун ҳамиша дарвозаси очиқ бўлган. Бу ерда ўша ҳолатнинг бугунги замонавий, ривожланган янги қиёфасини кўрасиз.
Шерикларимни нафасини андак ростлаб олиши учун узун йўлак бўйида салобатли бино соя ташлаб турган бўш ўриндиқлардан бирига таклиф этдим. Ёнимиздаги ўриндиқларда афғон тарафдан келган меҳмонлар ўтириб, нималарнидир суҳбатлашмоқда. Балки, улар харид қиладиган нарсаларини маслаҳатлашаётгандир. Эҳтимол, бу ерда ўн-ўн беш кун қолиб, савдо марказини айланишни келишаётгандир. Ёки муҳташам мажмуадаги илк таассуротларини баҳам кўрмоқдами? Ё тиббий хизматдан фойдаланиш учун замонавий шифохонага келдимикин? Бу ёғи бизга қоронғу. Энг муҳими уларга назар ташлаб, чеҳрасида ҳадик эмас, қувончни кўрдик. Қалбида ўтмишдаги дўстлик, яқин ҳамкорлик муносабатларимиз қайта бўй кўрсатганидан севинч аломати, ўзбек қўшниларига ишонч ва миннатдорлик туйғуси борлигини ҳис этдик.
***
Қуёш осмону фалакда сокин ўрлаб, саратоннинг иссиқ тафти атрофни қиздирмоқда. Мажмуа Амударё тарафдан келаётган афғонистонликлар, Термиз тарафдан кираётган ўзбекистонликлар билан гавжумлашиб бормоқда. Ҳамроҳларимга қўлимни имо қилиб кўп қаватли кўркам шифохона ва меҳмонхона, ресторан ва ошхонани, замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини, дўконлар жойлашган биноларни кўрсатаман. Меҳмону, мезбонларга яратилган шароитларни, ҳозирча ўзбек, афғон, қозоқ ва хитойликлар саноат ҳамда истеъмол молларини бир-бирига таклиф қилаётган савдо марказига Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Беларусь каби давлатлар ҳам ўз маҳсулотларини жойлаштириш истагини билдираётганини айтаман.
Мени жимгина тинглаб, ҳаёжонда ўтирган Тўра бобо бехосдан гап бошлайди:

– Бизнинг билагимиз куч-қувватга тўлганида Афғонистон нотинч эди, – дея эслайди қўшни. – Ўша даврларда кексаларимиз “ҳали шундай замон келадики, Афғонистон тинчиб, Термизнинг Айритом тарафида катта савдо бозори очилади. У ерда дунё халқлари қадимгидек эмин-эркин савдо-сотиқ билан шуғулланади. Ўша давр келса халқимиз жуда яхши яшайди, бой-бадавлат бўлади”, дея суҳбат қилишарди. Гапларингиздан англадимки, Президентимиз ота-боболаримиз орзу қилган ўша бозорни қуриб берибдилар-да?
– Худди шундай, – дейман менинг нима ҳақда гапираётганимни ҳали сўзимни тугатмай илғаган қўшнимга меҳр билан боқиб. – Қаранг, яқин ўтмишда аждодларимиз бугунги осуда, обод кунларни, қўшнилар билан ришталар узилиб кетмаслигини орзу қилиб яшаган. Термизга узукнинг кўзидек ярашиб турган мажмуа мустақилликнинг меваси, давлатимиз раҳбарининг дунё халқларини тинч, тўкин ҳаётга, афғон қўшниларимизни яккалаб қўймасликка даъват этишининг амалдаги самараси эканини фарзанду, невараларимиз ҳам билиши керак.
– Боболаримизга армон бўлган бу ҳаётни кўриш бизга насиб этганининг шукронасини айтишимиз лозим, – суҳбатга қўшилади Пўлат бобо. – Биласиз, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида таниш-билишларим кўп. Қўнғироқлашиб қолсак, шу бозор ҳақида сўрашади. Кириш тартиблари билан қизиқади. Мен эса хижолат бўлиб, ҳали келмаганимни, фақатгина икки давлат чегарасида қурилганини айтишдан нарига ўтолмаётган эдим. Ажойиб бозор бўлибди. Кириш-чиқишнинг жуда осонлиги, ичкари обод, озода ва яшилликка қоплангани ҳам менга маъқул бўлди. Энди халқаро бозор тўғрисида сўраган кишининг саволларига бемалол жавоб бера оламан.

Ўриндиқдан туриб, савдо блоклари тарафга юрамиз. Секин қадам ташлаётган ҳамроҳларимга Президентимиз ҳамиша Афғонистондаги вазиятга жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратиб келаётганию, кейинги йилларда Ўзбекистон дунё давлатлари билан ижтимоий-иқтисодий, маданий-савдо ва сармоявий соҳаларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги форматда юксалтираётганини, сайёрамиз халқларини дўстлик, савдо, инвестиция, осойишта ҳаёт, фаровон турмуш учун бирлаштиришга хизмат қилаётган халқаро савдо марказининг ўз-ўзидан барпо этилмаганини тушунтираман. Ўзбекистон кейинги йилларда Афғонистон билан муносабатларини тамомила янги ёндашув асосида намоён этаётгани ва икки томонлама ҳамкорлик изчил қарашлар билан ривожланаётгани халқаро доираларда ҳам эътироф этилаётгани, давлатимиз раҳбари илгари сураётган ғоялар тинчликпарварликка, афғон халқининг яшаш тарзини яхшилашга, мамлакат барча масалаларини ўзаро мулоқот асосида бартараф этишига қаратилгани билан жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортаётганини гапириб бераман. Эндиликда биз томоша қилаётган халқаро савдо маркази афғон халқининг фақат Ўзбекистон билан эмас балки, бошқа давлатлар билан ҳам иқтисодий-ижтимоий, гуманитар, савдо-сармоявий соҳаларда ўзаро алоқаларини изчил йўлга қўйиши учун қулай муҳит яратганини айтаман.
Ҳамроҳларимга Қозоғистон, Хитой давлатларининг савдо павильонларини, ўзбек ва афғон ишбилармонлари юритаётган дўконларни кўрсатдим. “Мажмуани шошмасдан айлансангиз, истаган нарсангизни топасиз”, дея луқма ҳам ташлаб қўйдим. Тўра бобо афғон дўкондорлари билан суҳбатлашиб, рўзғорбоп буюмларга харидор бўлди. Заъфароннинг кўнгилни қитиқловчи ҳидини туйиб, сотувчилардан унинг таърифу тавсифни эшитди. Келгуси сафар келганида олишга ваъда берди. Пўлат бобо қўшним тавсия қилган кўк чойдан, невараларига афғон тарафдан келтирилган ширинликлардан харид қилди. Қизиқсиниб, афғон сотувчисидан чойнинг таркибини сўрадим. Кардамон қўшилган кўк чой, деди дўкондор. Икковлон афғон сотувчиларидан сотиб олган маҳсулотлари таърифини эшитиб, чиройи янада очилди. Афғонистонлик ишбилармон ҳам эрталабдан савдоси юришганидан беихтиёр суюнди, юзида майин табассум қалқди...
Марказ ҳар куни фақат ўзбек халқига ёки афғон тадбиркорларига эмас балки, сайёрамизнинг шимол ва жанубидан, шарқу ғарбидан келиб, ҳавас билан танишаётган меҳмонларга ҳам ўзгача қувонч бағишлайди. Сокин Амударё биқинида қад ростлаган салобатли бу гўша дунё халқлари ва ишбилармонларини фаровон келажак қуришга ундаётган дўстлик кошонасига айланаётгани билан барчага бирдек хуш кайфият улашади.
***
Ўтган йил истиқлолнинг 33 йиллик тўйи арафасида фойдаланишга топширилган халқаро марказ Афғонистон, Покистон ва бошқа мамлакатлар тадбиркорларига саноат, истеъмол товарлари савдоси ҳамда экспортини ўстиришда муҳим ўрин тутади. Мажмуанинг йиллик савдо ҳажми 1 миллиард 200 миллион долларни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинган.
Эркин савдо зонасида яратилган имтиёзлар доирасида Афғонистондан келган барча чет эл фуқароларига Ўзбекистонга кириш визасисиз 15 кун марказда бўлиш ва чиқиш имконияти берилган. Ўзбекистон сўми билан бирга АҚШ доллари, Евро, Россия рубли ва юань қабул қилиш тизими жорий этилган. Бу ерда барча товарлар божхона тўловларисиз жойлаштирилиб, чиқарилади. Ҳудудда банклар, нотариуслар ва бошқа давлат хизматлари кўрсатиш марказлари мавжуд.
Йирик мажмуада “Hilton Garden Inn” меҳмонхонаси, “Akfa Medline Ayritom” кўп қаватли замонавий тиббиёт муассасаси, “Central Asia University” бизнес мактаби, ресторан, хостел, майдони 50 минг квадрат-метр бўлган мингта савдо дўкони барпо этилган.
Давлатимиз раҳбари Термизнинг қадимги халқаро мулоқот майдони мақомини қайта тиклашда бу жой Карачи-Термиз-Тошкент-Қозоғистон-Россия транспорт коридорининг муҳим боғловчи қисми бўлишини, Ҳинд океани портларига чиқиш имкониятини яратишини алоҳида эътиборга олган. Шу боис бу ерда замонавий технологиялар асосида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш иншоотлари қурилган. Юкларни “Ягона дарча” тамойили асосида тезкор расмийлаштириш учун барча қулайлик яратилган. Йилига 900 минг тонна юк айланмаси қувватига эга логистика маркази, бир йилда 100 минг юк машинасини қабул қилиш қувватига эга автотураргоҳ қурилган.

“Akfa Medline Ayritom” замонавий клиникасида афғон тарафдан келган меҳмонлар ҳам, ўзбекистонлик мезбонлар ҳам энг малакали шифокорларнинг тиббий кўригидан ўтиши, турли касалликларга даволаниши мумкин. “Central Asia University” бизнес мактабида ташкил этиладиган ўқув курсларида йилига 500 дан ортиқ афғон тадбиркори савдо ва ишлаб чиқариш бўйича малака ошириш имконияти бор. Барча тингловчилар зарур шароитларга эга ётоқхона билан таъминланади.
Мажмуада “Termez Gold Production” масъулияти чекланган жамияти заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш корхонасини ишга туширган. Ҳозир уч юздан ортиқ заргар ишлайди. Йилига ўртача тўрт тонна нафис буюм ишлаб чиқариш қувватига эга корхона яқинда қиймати 3,3 миллион долларга тенг заргарлик буюмларини Бирлашган Араб Амирликларига экспорт қилди. Халқаро марказ ҳудудида “Imzo” эшик – ромлари ва “CITY-ELECTRIC GROUP” ёруғлик техникаси ускуналари ишлаб чиқариш корхонасини қуриш ҳам кўзда тутилган. Бу корхоналарда нафақат, маҳаллий балки, афғонистонлик ишчилар ҳам меҳнат қилиши мумкин.
Маълумотларга кўра, ўтган йилнинг тўрт ойида марказда 15,5 миллион доллардан ортиқ маҳсулот экспорти ва 10,6 миллион долларга яқин ҳажмдаги маҳсулот импорти амалга оширилган. Жорий йилнинг олти ойида экспорт ҳажми 36,5 миллион долларни, импорт 9,3 миллион долларни ташкил этди.

Мустақиллик Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида мамлакатимизга инъом этган “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси бугун дунё халқлари ўз маҳсулотларини жойлаштирадиган, сотадиган бозор сифатида ҳам, турли мамлакатлар тадбиркорлари, сиёсатчи ва экспертлари очиқ фикр алмашадиган, кўргазма ва савдо ярмаркалари ташкил этадиган халқаро мулоқот майдони сифатида ҳам танилмоқда. Жумладан, савдо маркази иш бошлаган ўтган йил ўзбек-афғон тадбиркорларининг учрашувлари, кўргазма ва савдо ярмаркалари ташкил этилган бўлса, жорий йилда “Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш” мавзусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқоти биринчи йиғилиши ҳам шу ерда ўтказилди. Унда маҳаллий ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Осиё-Тинч океани минтақаси, Америка, Яқин Шарқ мамлакатларидан 200 га яқин сиёсий-иқтисодий ва бизнес доиралар вакиллари, молия институтлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар аъзолари, шунингдек, дунёнинг турли таҳлилий ҳамда илмий-тадқиқот марказларининг нуфузли экспертлари иштирок этди...
***
Тўра ва Пўлат бобо билан адоғсиздек туюладиган савдо блокларининг бир қисмини айланиб, ташқарига чиқамиз. Саратоннинг офтоби ерни шундай қиздирмоқдаки, қумга тухум кўмиб қўйсангиз бир зумда пишади. Қаранг-а, ичкарига замонавий совиткичлар ўрнатилгани учун куннинг исиб кетганини ҳам сезмай қолибмиз. Шу тобда йўлдошларимга зимдан назар ташлайман. Тўра бобо рўзғорбоп буюмлар, Пўлат бобонинг кардамонли кўк чой сотиб олганию, афғон биродарлар билан ёйилиб суҳбат қурганидан, афғон чепканларию, бежирим матодан қўлда тикилган тўнини эгнига ташлаб кўрганидан димоғи чоғ эди...
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири