Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
– Мазкур қонун лойиҳаси билан озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, принциплари, давлат органларининг ушбу соҳадаги ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда, – деди депутат Севара Убайдуллаева. – Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги соҳасидаги санитария чоралари, қоида ва нормаларни ишлаб чиқиш ва қўллаш тартиби халқаро қоида ва нормалар билан уйғунлаштирилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, қадоқлаш, ўраш ва тамғалаш, кузатилишини таъминлаш, сақлаш, ташиш ва реализация қилишга қўйиладиган умумий талаблар, ушбу соҳада фаолият юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Қайд этилганидек, лойиҳада назарда тутилаётган нормалар озиқ-овқат бизнеси операторлари, яъни озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, қайта ишлаш, етказиб бериш, сақлаш, ташиш, реализация қилиш, утилизация қилиш ва йўқ қилиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар яратади. Шу билан бир қаторда, уларнинг мажбуриятлари ва масъулиятини ҳам белгиламоқда. Озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати – “энг маъқул истеъмол муддати” ёки “якуний истеъмол муддати” кўрсатилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, соҳадаги ортиқча бюрократик тартиблар, хусусан, ваколатли давлат органлари томонидан бериладиган санитария-эпидемиология хулосаси, ветеринария гувоҳномаси ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан бериладиган мувофиқлик сертификатини мажбурий расмийлаштириш талаби бекор бўлади.
Озиқ-овқат бизнеси операторлари озиқ-овқат занжирининг барча босқичларида қайдларни юритиш орқали озиқ-овқат маҳсулоти ҳамда унинг таркибига киритиладиган моддалар, озиқ-овқат маҳсулотига тегиб турадиган қадоқ ва материалларнинг ҳаракатланишини аниқлаш имкониятини яратиш бўйича тизимли чоралар кўриши белгиланмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида ҳудудларда бир қатор ўрганишлар олиб борилгани, фракция ва қўмиталар томонидан берилган таклифлар инобатга олиниб, янада такомиллаштирилгани қайд этилди. Қонун лойиҳаси озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари ва халқаро стандартларга мувофиқ тартибга солишга, соҳада давлат бошқаруви ва назорати механизмларини замон талаблари асосида такомиллаштиришга, ваколатли давлат органларининг вазифаларини аниқ белгилашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Муҳокамаларда мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга тавсия этилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотларининг ёрлиқлари вояга етмаганлар учун жозибали бўлмаслигига оид модда қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Бир қатор таклифлар, мулоҳазалар билдирилди. Мунозаралардан сўнг ушбу моддани қайта ишлаш ва такомиллаштиришга келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА