ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбек анъанавий тўқимачилигининг энг ёрқин намуналари орасида сўзана алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг сеҳри нақшларининг жозибадорлиги, рангларининг уйғунлиги ва нозиклигида намоён бўлади.
Наманган шаҳридаги 29-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Санобар Иномова ана шундай бебаҳо санъатга меҳр қўйиб, уни жонли сақлаётган истеъдодли ёшлардан. У 6 ёшилигиданоқ онаси Маъсума Муҳиддиновадан сўзана тикиш сирларини ўрганиб келади. Бугунга келиб эса, иқтидор эгасининг яратаётган маҳсулотлари нафақат юртимизда, балки Ҳиндистон, Туркия, Озарбайжон каби хорижий мамлакатлар бозорларида ҳам харидоргир.
[gallery-24512]
Сўзана яратиш — сабр, иштиёқ ва катта меҳнатни талаб этувчи жараён. Ҳар бир маҳсулотни тайёрлашга 10 кундан 1 ойгача вақт кетади. Ундаги ҳар бир гул, ҳар бир ранг — оила, тинчлик, муҳаббат, дўстлик каби улуғ тушунчаларнинг бадиий ифодасидир. Айниқса, ҳақиқий ипакдан тикилган маҳсулотлар санъатнинг энг нозик ва қадрлиси ҳисобланади.
Бежирим сўзаналарнинг 30 миллион сўмгача баҳоланаётгани, ушбу касб ортидан ойига 5-12 миллион сўмгача даромад олинаётгани ҳунар эгасининг қандай даражада камолга етганидан далолатдир.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА