Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида дзюдо бўйича ўтказилган "Катта дубулға" туркумига кирувчи нуфузли турнир якунланди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 тадан олтин ва кумуш медалига эга чиқиб, 28 давлат орасида 4-ўринни эгаллади.
Уч кун давом этган мусобақада Абдураҳим Нутфуллоев (-66 кг.) сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида жаҳон рейтинги пешқадамларидан бири, “Париж-2024” Олимпия ўйинларининг бронза медали совриндори Денис Виеру (Молдова) устидан ғалаба қозонди ва “Катта дубулға” туркумига кирувчи турнирлардаги илк олтин медалини қўлга киритди. Шунингдек, ушбу муваффақият унга 1000 очко ҳам келтирди. Натижада полвонимиз жаҳон рейтингида 64-поғонадан 29-ўринга кўтарилиб олди.

Турнирнинг -90 килограммгача бўлган баҳсларида иштирок этган Умар Бозоров эса финалга қадар барча рақибларини енгиб, кумуш медаль ҳамда 700 очко билан тақдирланди. Бу билан дзюдочимиз жаҳон рейтингининг 23-ўринига юқорилади.

Мазкур мусобақада умумжамоа ҳисобида Япония терма жамоаси 6 та олтин ва 3 тадан кумуш ҳамда бронза медали билан биринчи, мезбонлар 3 та олтин, 1 та кумуш ва 7 та бронза билан иккинчи, IJF байроғи остидаги дзюдочилардан иборат жамоа эса 1 олтин, 2 кумуш ва 7 бронза билан кучли учликни якунлаб берди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА