Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов иштирокида олий таълим тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасининг ижроси муҳокама қилинди.
Унда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов иштирок этди.
Таъкидланганидек, лойиҳа доирасида “Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими” (HEMIS) жорий этилиб, 35 турдаги маълумот рақамлаштирилди.

my.edu.uz ва my.uzbmb.uz ахборот тизимлари жорий этилиши натижасида абитуриентларнинг вақтини тежаш, харажатларини қисқартириш ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқларнинг олдини олишга эришилди. Кириш имтиҳонларининг онлайн трансляцияси йўлга қўйилди.
Муҳокамада ушбу ижобий ишлар эътироф этилиши билан бир қаторда лойиҳани амалга оширишда кузатилаётган айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўзаро ҳамкорликдаги вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, олий таълим муассасаларида коррупцияга мойил бўлган лавозимлар рўйхатини шакллантириш ва ушбу лавозимларда ишловчи шахсларни ҳар 3 йилда ротация қилиш тартиби ишлаб чиқилади.

Барча таълим муассасаларида қуйи ва ўрта бўғиндаги бўш лавозимларга очиқ танлов тизими амалиётга жорий этилади ҳамда таълим муассасаларидаги бўш иш ўринлари учун “vacancy.edu.uz” платформаси орқали онлайн ҳужжат топшириш жараёни қатъий назоратга олинади.
Олий таълим муассасаларининг “комплаенс-назорат” тузилмалари ходимларини ректорлар қарамоғидан чиқариб, тўғридан-тўғри вазирликка бўйсундириш амалиёти йўлга қўйилади.
Давлат харидлари соҳасида харид иштирокчиларини текшириш ва баҳолаш самарадорлиги оширилади.
Муҳокама давомида масъулларга бир қатор амалий тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА