Томонлар ўртасида бир неча ой давом этган музокаралардан сўнг янги савдо келишуви имзоланди. Бу ҳақда “BBC” нашри ёзмоқда.
Шартнома бўйича АҚШ ЕИ маҳсулотларига 15 фоизлик бож жорий этади. Бу президент Дональд Трамп илгари даво қилган 30 фоизлик тарифдан икки баравар кам.
Шотландияда ўтган музокаралар чоғида Трамп ва Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен якуний қарорга келди. Фон дер Ляйен буни “иккала томон учун ҳам барқарорлик келтирувчи йирик келишув” деб атади.
Шартномага кўра, ЕИ келгуси уч йил ичида АҚШга 600 миллиард долларлик инвестиция киритади. Баъзи маҳсулотлар — самолёт қисмлари, айрим кимёвий моддалар ва қишлоқ хўжалиги товарлари тарифлардан озод этилади, бироқ пўлат ва алюминийга нисбатан 50 фоизлик бож сақланиб қолинади.
Трамп мазкур муросани “ҳамма учун фойдали” деб баҳолаб, уни АҚШ тарихидаги энг катта савдо битими сифатида таърифлади. Фон дер Ляйен эса “қийин музокаралар”га қарамай, келишув минтақалар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашига ишора қилди.
Маълумот ўрнида, ўтган йили АҚШ ва ЕИ ўртасидаги савдо ҳажми қарийб 1 триллион долларга тенг бўлган.
Мусулмон Зиё, ЎзА