Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тиббиётда ҳам кенг кўламли ижобий ишлар амалга оширилди. Бу орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш имкониятлари янада кенгайди. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!” эзгу тамойилини татбиқ этишда давлат соғлиқни сақлаш муассасалари билан бир қаторда хусусий сектор вакиллари ҳам муносиб ва фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, нодавлат тиббиёт масканлари томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш борасида Наманганда ҳам салмоқли ташаббуслар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда вилоятда 556 та нодавлат тиббий муассаса бўлиб, уларнинг 351 таси амбулатор, 205 таси стационар шароитда фаолият юритади. Ўтган 2024 йил давомида 33 та янги хусусий шифохона ташкил қилинган бўлса, жорий йилнинг олти ойи мобайнида 18 та янги субъект очилди, 12 та клиника эса ўз иш қамровини янада кенгайтирди.

– Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан ҳамда “Тадбиркорлар куни” муносабати билан ўтказилган очиқ мулоқотида белгиланган долзарб вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилиши натижасида, тизимимизда шакллантирилган соғлом рақобат муҳити туфайли аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлиги йил сайин ошмоқда, – дейди Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов. – Бинобарин, бундан беш йил аввал вилоятда 270 та нодавлат хусусий тиббиёт муассасаси бўлса, ҳозирги кунга келиб уларнинг сони 286 тага кўпайиб, 556 тага етганлиги эътиборга молик.
Таъкидлаш жоиз, нодавлат тиббиёт муассасаларида бандлик даражасига ҳам аҳамият қаратилгани ҳолда, иш ўринлари сони ҳам икки баробар ортиб, 2 минг 650 га етди. Бу шифохона, клиника, диагностика тиббиёт марказларда ўринлар сони 7 минг 100 тага ошганлиги, энг аввало, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётганини англатади. Бунинг натижасида, аҳолини давлат бюджетидан молиялаштириладиган шифохоналарга қатнови эндиликда 35-40 фоизга камайди.

Аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бугунги куннинг муҳим талабидир. Наманганда бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди ва кейинги йилларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Бунда хорижлик мутахассислар билан олиб борилаётган ҳамкорлик алоқалари ўз самарасини бермоқда.
Вилоятдаги етакчи нодавлат тиббиёт муассасалари ҳисобланган “Anamed”, “Saydana”, “Andrologiya-N”, “Doctor-A”, “Oydin shifo” каби масъулияти чекланган жамиятларга қарашли шифо масканларида юқори технологик жарроҳлик амалиётлар муваффақият билан ўтказилмоқда. Мазкур клиникаларда 2025 йилнинг ўтган давр мобайнида 245 та юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Қолаверса, бугунга қадар вилоятдаги “Shahand”, “Doctor” ва “Chortoq” масъулияти чекланган жамиятлари сиҳатгоҳларига мамлакатимиз аҳолисидан ташқари Марказий Осиё ҳамда бошқа хорижий давлатлардан ташриф буюрган 3 минг 100 дан зиёд фуқароларга 8 миллиард сўмлик малакали тиббий хизматлар кўрсатилди.
Эътироф этиш жоиз, Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга оид қарори натижасида жойларда замонавий тиббий муассасалар ишга туширилмоқда. Наманган шаҳридаги “Anamed” тиббий диагностика маркази ана шундай субъектлардан бири.

Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси фаоли Носирбек Абдуллахонов таъсислигидаги ушбу марказ Россия Федерацияси, Озарбайжон, Ҳиндистон, Буюк Британия, Япония, АҚШ давлатларидаги нуфузли тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда соҳага замонавий технологиялар, ташхис қўйиш ва даволашнинг сўнгги усулларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Кўплаб жаҳон меъёрларига мос даражада тиббий хизмат кўрсатиш имконини берувчи, нейрожарроҳлик, неврология, травматология, кардиология, урология каби йўналишларга ихтисослашган ушбу хусусий даволаш-профилактика муассасаси “General Еlectric”, “Siеmens” ва бошқа компанияларнинг илғор диагностика ускуналари билан жиҳозланган. Марказда малакали кадрлар жамоаси шакллантирилиб, кўплаб иш ўринлари яратилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилиб, марказларга ўқув ва консультация жараёнларига чет эллик мутахассислар жалб этилмоқда.
“Anamed” тиббий диагностика маркази нафақат хусусий секторда хизмат кўрсатиш, балки давлат тиббиёт муассасалари фаолиятини замон талаблари асосида ташкил этиш, уларда ишловчи шифокор ва ҳамшираларнинг касбий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган истиқболли лойиҳаларни ҳам амалга ошириб келмоқда.

Охирги икки йил давомида, водий вилоятларидаги соҳа мутахассислари учун халқаро даражадаги эксперт – россиялик таниқли шифокор Олег Бурлака, Озарбайжон Жарроҳлик илмий марказининг жигар, ўт пуфак йўллари ва ошқозон ости бези жарроҳлиги бўлимининг катта илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гурбанхан Муслимов, “МedArt group” клиникаси асосчиси, моҳир уролог, Россия, Хитой ва Европа мамлакатларида таҳсил олган ҳамда катта тажриба тўплаган Дониёр Йўлдошев ва бошқа хорижий мутахассислар иштирокида маҳорат сабоқлари, ўқув семинарлари, жарроҳлик амалиётлари ташкил этилдики, бу маҳаллий мутахассисларнинг билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳамкорлик натижасида, ҳудудлараро тиббий муассасалар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, семинар-тренинглар ташкил этиш, техник ва технологик хизмат кўрсатишда ҳамкорлик қилиш, биргаликда ноёб технологик операцияларни ўтказишга келишиб олинди.
Қолаверса, хусусий марказ ташаббуси билан яна бир лойиҳага қўл урилиб, янги ташкил этилган клиникада Наманган давлат университетининг тиббиёт факультети талабалари назарий билимларини амалиёт билан боғламоқда. Бу каби келишувлар талабаларни хориждан таклиф қилинган шифокорлар иштирокида ўтказилаётган мураккаб ва ноёб операциялар жараёнида қатнашган ҳолда амалий кўникмаларга эга бўлишлари юқори салоҳиятли кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.