Португалияда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича U18 ва U23 ёш тоифаларида жаҳон чемпионати давом этмоқда. Мусобақада бугун турли масофа ва ёш тоифаларида А финал баҳслари бўлиб ўтади.
Қувонарлиси, ушбу финал беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам бор. Аниқроғи, U23 ёш тоифасида C-1 йўналишидаги 200 метар масофадаги финалда Шоҳсанам Шерзодова, 500 метрга C-2 баҳсларида Муҳаммадали Мирисманов ва Диёрбек Маматқулов, ушбу масофага C-4 баҳсларида Дилнозахон Рафиқова, Зарина Казакова, Шоҳсанам Шерзодова ҳамда Хонзода Эркинова медаллар учун рақобатлашади.
Шунингдек, мазкур ёш тоифасида 5000 метрга микст жуфтлик беллашувларида (C-2) Миржалол Комилов ва Шоҳсанам Шерзодова мусобақа ғолиблиги учун кураш олиб боради.
U18 ёш тоифасида 500 метр масофадаги йўналишда Беҳруз Эргашев ҳамда Давронбек Аҳтамов (C-2), 5000 метрга аралаш жуфтликлар орасидаги финал босқичида Оғабек Нуриддинов/Дилнозахон Рафиқова (C-2), Шоҳруҳ Ҳасанов ва Шаҳризода Мавлонова (К-2) ўз имкониятларини синовдан ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА