Пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида волейбол бўйича U-19 Жаҳон чемпионатининг учинчи кунги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси Пуэрто-Рико жамоаси билан рўбарў келди.
Биринчи ва иккинчи ўйинларда Аргентина ва Бельгия жамоаларига 3:0 ҳисобида мағлубиятга учраган Пуэрто-Рико ёш волейболчиларимизнинг ҳужумларига муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди. Бироқ, ҳамюртларимизнинг техник-тактик жиҳатдан устунлиги, ҳар бир туп узатишдаги ва зарбаларни йўллашдаги аниқлиги учта сетда ҳам самара берди. Бу, ўйин натижасида ҳам акс этди - 3:0 (25:18, 25:21, 25:14).
[gallery-24489]
Биринчи ўйинда Туркияни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратган, иккинчи баҳсда Покистонга 0:3 ҳисобида имкониятни бой берган терма жамоамиз аъзолари учун мусобақа дастурига биноан эртага, 27 июль дам олиш куни сифатида белгиланган.
Ўзбекистон U-19 терма жамоаси “А” гуруҳидаги тўртинчи кунги баҳсларини 28 июль куни Аргентина жамоасига қарши ўтказса, 29 июль куни Бельгия жамоаси битлан рўбарў келади.
Т. Рўзиев, А. Мамадаминов (сурат), ЎзА