Ҳуқуқий муносабат
Маълумки, тез ёрдам ёки ёнғин хавфсизлиги ва бошқа махсус хизмат ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажараётганда баъзан йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган тезлик ёки бошқа талабларни бузишига тўғри келиши мумкин.
Бундай ҳолатларда маъмурий жарималарни ҳайдовчилар ёки уларнинг иш берувчиси тўлаши тўғри эмас.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида тезкор ва махсус хизматлар иштирокида йўл ҳаракатида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган енгилликлар ва истиснолар мавжудми?
Бу борада Тошкент давлат юридик университети “Бизнес ҳуқуқи” кафедраси ўқитувчиси Умида Бекмирзаева қуйидагича тушунтириш берди:
–Йўл ҳаракатида айрим ҳолатларда ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилган ҳолатлар кузатилиши мумкин. Айниқса, бу ҳолатлар тезкор ва махсус хизматлар ёки улар кузатиб келаётган транспорт воситалари учун йўл беришда содир бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси ҳамда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, агар ҳайдовчи тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари томонидан кузатиб келинаётган транспорт воситаларига йўл бериш мақсадида ёки тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёки кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқча ҳамда махсус товушли сигналлар билан яқинлашиб келаётган автомашиналарга йўл бериш учун қоидабузарликка йўл қўйган бўлса, бундай ҳаракатлар охирги зарурат ҳолатида содир этилган деб эътироф этилади.
Агар бундай ҳуқуқбузарликлар махсус фото ва видео қайд этишнинг автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган бўлса ҳам, тезкор ва махсус хизматлар кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифасини бажарганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, маъмурий иш юритиш тугатилади.
МЖтК 271-моддаси: Маъмурий ҳуқуқбузарлик охирги зарурат туфайли содир этилган ҳолда жавобгарликни истисно этади.
Йўл бериш мажбурияти – Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарорига 1-Илова қилинган Йўл ҳаракати қоидаларининг 3.2 ва 3.3-бандларига мувофиқ, ҳайдовчи махсус сигналли транспорт воситаларига тўсиқсиз ўтиб кетиш имкониятини яратиб бериши шарт.
Демак, агар ҳайдовчи фақатгина тезкор ёки махсус хизмат воситасига йўл бериш мақсадида қоидабузарликка йўл қўйса, бу ҳаракат охирги зарурат ҳолати сифатида баҳоланади ва ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
Гулноза Бобоева, ЎзА