Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига 2025/2026 ўқув йили учун ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Талабгорлардан ҳужжатларни қабул қилиш жорий йил 22 июлда бошланган ва бу жараён 31 июлга қадар давом этади.
Талабгорларга қулайлик яратиш мақсадида ариза ва ҳужжатларни вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялари малака ҳайъатлари ёки бевосита Судьялар олий мактаби қабул комиссиясига ёзма шаклда тақдим этиш имкониятлари яратилган.
Бундан ташқари, қабул комиссияси талабгорларнинг ишдан бўш вақтлари ҳафта кунларининг охирида кўпроқ бўлишини инобатга олиб, шанба ва якшанба кунлари ҳам ҳужжат қабул қилишни режалаштирган.
Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига қабул йилининг 31 декабрь кунига қадар 34 ёшга тўладиган, олий юридик маълумотга эга бўлган ва юридик ихтисослик бўйича камида етти йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси қабул қилинади.
[gallery-24484]
“Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 68-моддасига кўра, илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланади.
2025/2026 ўқув йили учун 102 асосий ва 12 қўшимча (жами 114) қабул квотаси белгиланган. Жумладан, асосий квота жиноят ҳуқуқи йўналиши бўйича 35, фуқаролик ҳуқуқи йўналиши бўйича 40, иқтисодий ҳуқуқ йўналиши бўйича 12, маъмурий ҳуқуқ йўналиши бўйича 15 тани ташкил этган. Шунингдек, суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш, аёл судьялар сонини кўпайтириш мақсадида хотин-қизлар учун ҳар бир суд йўналиши бўйича 3 тадан, жами 12 қўшимча квота белгиланган.
Судьялар олий мактабига қабул учун уч босқичли кириш синовлари белгиланган. Яъни, ихтисослик фани ва чет тили (инглиз, француз ва немис)дан тест, ҳуқуқий мавзуда иншо ва оғзаки суҳбатдан иборат. Ихтисослик фанидан тест синовлари давлат тилида ўтказилади. Ҳуқуқий мавзудаги иншо ва суҳбат ўзбек ҳамда қорақалпоқ тилларида ёзилиши ва ўтказилиши мумкин.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА