Олимпия спорт турлари тизимидан ўрин олган крикет спорт турини мамлакатимизда ривожлантириш, маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида Ўзбекистон крикет федерацияси томонидан зарур ишлар олиб борилмоқда.
Ўтган давр мобайнида юртимиз крикет усталари Ҳиндистон, Покистон каби давлатларда ўтказилган турнир ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиб, зарур кўникмаларга эга бўлди.

Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва пойтахтимизда крикет жамоалари ташкил этилиб, биринчилик, чемпионат ва турнирлар ўтказилиши йўлга қўйилди.
Куни кеча Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида Осиё крикет кенгашининг конгрессида иштирок этган Ўзбекистон крикет федерацияси раиси Азиз Михлиев Осиё крикет кенгаши ижроия қўмитаси аъзоларига Ўзбекистонда крикет спорт турини ривожлантириш истиқболлари хусусида маълумот берди.

Конгрессда крикет спорт турининг қитъадаги ривожи, мамлакатларда ушбу спорт турини оммалаштириш борасида қилинган ишлар сарҳисоб қилиниб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берилди.
Мамлакатимизда крикет спорт тури ривожланиш босқичига ўтгани эътироф этилиб, Ўзбекистон крикет федерацияси Осиё крикет кенгашининг тўлақонли аъзоси экани тасдиқланди.

Ўтказилган музокаралар, дўстона мулоқотлар якунида жорий йилнинг август ойида Осиё крикет кенгаши аъзолари иштирокида мамлакатимизда семинарлар, машғулотлар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА