Буюк Британиялик олимлар Антарктида муз қатламининг чуқур қисмидан олинган 1,5 миллион йиллик муз бўлакларини тадқиқ қилиш учун Кембрижга олиб келишди. BBC хабарига кўра, бу муз намуналарини эритиш орқали Ернинг қадимги иқлим тарихи ҳақида ноёб маълумотларга эга бўлиш мумкин.
Муз бўлаклари цилиндр ва тўртбурчак шаклларда бурғилаб олинган бўлиб, уларнинг ҳар бири бир метр узунликдаги қисмларга бўлинган. Муз намуналари дастлаб қайиқда, кейинчалик эса фургон орқали Антарктидадан Кембрижга етказилган.
Тадқиқотчилар ушбу муз бўлакларида қадимий атмосферанинг излари — хусусан, газ пуфакчалари ва бошқа микроскопик заррачалар “музлаган” ҳолда сақланиб қолганини таъкидлашмоқда. Бу эса уларнинг Ернинг узоқ ўтмишдаги иқлим ҳолати ва карбон газлари даражаси ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлишларига имкон яратади.
Лойиҳа иштирокчиларидан бири шундай деди:
“Муз бўлакларида музлаган муҳим тарихий маълумотлар мавжуд. Улар бизнинг иқлим ўзгариши ҳақидаги тушунчамизда инқилобий ўзгаришлар ясаши мумкин." - дейди лойиҳа иштирокчиларидан бири.
Шу билан бирга, муз намуналарини ажратиб олиш жуда мураккаб ва қиммат жараён бўлгани, олимлардан катта меҳнат ва ресурс талаб этгани таъкидланмоқда.
Бу лойиҳа глобал иқлим ўзгаришларини чуқурроқ тушуниш, шунингдек, келажакдаги экологик хавфларни олдиндан башорат қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RXk7-8cITQ0" title="Britaniyalik olimlar Antarktidaning 1,5 million yillik muzini eritishni boshladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мадинабону Насриева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА