Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида дзюдо бўйича давом этаётган "Катта дубулға" туркумидаги нуфузли турнирнинг иккинчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Ҳожиакбар Тошев, Муроджон Йўлдошев ва Амирбек Аминов ғолиблик йўлидаги беллашувларда иштирок этади.
Кеча халқаро турнирнинг илк кунида -66 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Абдураҳим Нутфуллоевнинг олтин медали туфайли Ўзбекистон терма жамоаси медаллар жамғариш борасида 28 давлат орасида 3-ўринга кўтарилиб олди.

Турнирда 3 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза медалини қўлга киритган Япония терма жамоаси етакчилик қилаётган вазиятда IJF байроғи остида қатнашаётган россиялик дзюдочилар 1 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза медали билан 2-ўринда бормоқда.

Бугун мукофот жамғармаси 154 минг евродан иборат турнирда дзюдочиларимиздан Ҳожиакбар Тошев -73 килограммда Мате Беруашвили (Грузия) ва Лин Гаохуэй (Хитой) ғолибига қарши татамига чиқса, Муроджон Йўлдошев -81 килограммда Абдул-Керим Тасуев (IJF) ва Алмазжан уулу Тегин (Қирғиз Республикаси) қарама-қаршилиги омадлиси билан рўбарў келади. Ушбу вазнда татамига чиқадиган яна бир спортчимиз Амирбек Аминов грузиялик Коте Капанадзе қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.

Халқаро турнир мусобақалари 27 июлга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА