Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги “Шаҳрисабз” туристик маркази кейинги пайтларда сайёҳларнинг энг севимли масканларидан бирига айланиб бормоқда. У ерда такрорланмас онларни тақдим этувчи кўплаб лойиҳаларнинг ишга туширилаётгани ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини ошишига хизмат қилмоқда.
Куни кеча марказда яна бир янги замонавий лойиҳа – “Мираки” дор йўли фойдаланишга топширилди.
Объектнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов, сектор раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Таъкидланишича, мазкур йирик лойиҳа “Gold Step Invest” МЧЖ томонидан, буюртмачи “Miraki Ropeway” МЧЖ асосида амалга оширилган. Лойиҳа қиймати 160 миллиард сўмни ташкил этиб, дор йўли Австриянинг машҳур Doppelmayr Seibahnen GmbH компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.
Шундан сўнг дор йўлининг дастлабки қатновига старт берилди.
– Мираки маҳалламизда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ўзгаришлар бўляпти, – дейди меҳнат фахрийси Турсун Муродов. – Замонавий меҳмонхоналар, хостеллар, агротуризм объектлари, истироҳат боғлари, дам олиш масканлари, сиҳатгоҳлар барчаси ажойиб. Мана бугун яна бир лойиҳа ишга туширилди. Ҳамма хурсанд, кайфиятлар кўтаринки. Бунинг учун Мираки нуронийлари номидан Президентимизга миннатдорчилик билдирамиз.
[gallery-24480]
Дор йўл тизимида 7 та мустаҳкам минора, 20 та 8 ўринли “Carvatech” кабиналар мавжуд бўлиб, унинг умумий узунлиги 2084 метрни ташкил қилади. Бу замонавий транспорт воситаси ҳар соатда 660 нафар йўловчини ташиш имкониятига эга.
– Биз Миракида оилавий дам олиш учун ҳар йили келамиз, - дейди Шахло Иззатова. – Лекин бу йил келиб танимай қолдик. Мутлақо катта ўзгаришлар бўлибди. Очиғи вақтимизни қандай ўтганини билмай қоляпмиз. Қайиқда сув омбори бўйлаб саёҳат қилиб, дор йўлидан юқорига кўтарилдик. Биз ва фарзандларимиз бу саёҳатдан катта таассурот олдик.
Пастки бекатда двигатель механизми, лифт, сувенир дўкони, кафе, тиббиёт пункти, она ва бола хонаси, банкомат, автотураргоҳ, электромобилларни қувватлаш станцияси жойлашган. Юқори бекатда эса меҳмонлар учун умумий овқатланиш шохобчаси, болалар ўйин майдончаси, томоша зоналари, селфи учун махсус масканлар ташкил этилган.
– Нафақат Миракида, балки вилоятимизнинг кўплаб нуқталарида туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, айтиш жоизки Юртбошимизнинг вилоятимизга қилган энг катта ёрдами бўлди, - дейди сайёҳлик фирмаси раҳбари, тарихчи Аҳад Бердиев. – Албатта, бу манзилга кўплаб сайёҳларнинг келиш имконияти бор. Сабаби бу ерда ҳам сув, ҳам тоғ, ҳам мусаффо ҳаво бор. Табиати ажойиб. Бу заминга Искандар ҳам келган, Доро ҳам келган, Муқанна қўзғолонлари мана шу манзил маконларда бўлган. Ўша Сиям Санам тоғларига борувчи дарвоза шу ерда бўлган. Бу тоғларнинг ҳар бир қадамида ота-боларимизнинг киндик қони тўкилган. Биз мана шу жойларни ҳам тарғиб қиляпмиз. Сайёҳлик ташкилоти раҳбари сифатида юртимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган ишларни қадрлайман. Бу лойиҳаларнинг ортидан кўплаб иш ўринлари яратиляпти, қанчадан-қанча хизмат кўрсатадиган жойлар шаклланяпти. Минглаб одамлар ишлаш, даромад кўриш имкониятига эга бўляпти. Келгусида бу жойлар хорижлик сайёҳларнинг ҳам эътиборини тортган манзиллардан бири бўлади, албатта. Илгари меҳмонларни олиб келсак дарёлар ва тоғлардан бошқа нарсани кўрсата олмасдик. Энди эса кўрсатадиган жойлар бисёр.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tqm-mrc73nM" title="Mirakida dor yo‘li – sayyohlarga ekstremal kayfiyat baxsh etmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари