“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси в.б. Аҳмад Суванқуловнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича мурожаати:
Ҳурматли юртдошлар, жамоатчилик вакиллари, соҳа ходимлари ҳамда ичимлик суви ва оқова сув хизматларидан фойдаланувчи истеъмолчилар!
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти раҳбарияти томонидан фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, маблағларнинг манзилли ва мақсадли сарфланишини таъминлаш мақсадида тизимли ҳамда доимий назорат йўлга қўйилган.
Тизимда коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар ўз натижасини бермоқда. Буни қуйидаги рақамлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлиги рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, “Ўзсувтаъминот” АЖ 2022 йилда 66 балл, 2023 йилда 80 балл (+14), 2024 йилда эса 84 балл (+4) натижани қайд этди.
Ҳудудий ва тизим ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тизими фаолияти йўлга қўйилиб, манзилли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган ва ундаги тадбирларни амалга ошириш устувор вазифа этиб белгиланган.
2025 йилнинг биринчи ярми давомида акциядорлик жамияти раҳбариятининг бевосита ташаббуси ва топшириғи асосида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан жами 198 та ўрганиш ўтказилиб, 14 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган, 60 та материал ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.
Шунингдек, коррупциявий ҳолатлар юзасидан жами 37 нафар ходимга нисбатан хизмат текширувлари ўтказилган. Уларнинг натижаларига кўра, 5 нафар ходимга “ҳайфсан”, 5 нафарга эса “иш ҳақидан жарима” тарзида интизомий чоралар қўлланган, 14 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Коррупцияга мойил ходимларни тизимдан тозалаш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Жамоада “коррупция учун жавобгарлик муқаррар” деган қатъий ижтимоий фикрни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар оқибатида етказилган моддий зарарни айбдор шахслардан ундириш чоралари кўрилмоқда. 2025 йилнинг биринчи ярмида жамият манфаатларига етказилган 2,3 миллиард сўмлик моддий зарар терговга қадар ундирилган.
Тизим ташкилотларида молиявий операциялар устидан коррупцияга қарши доимий мониторинг йўлга қўйилиб, 1,5 миллиард сўмлик жамият маблағларининг мақсадсиз сарфланишининг олди олинган.
2025 йилнинг биринчи ярмида тезкор алоқа каналлари орқали жами 374 та коррупцияга оид мурожаат қабул қилиниб, уларнинг барчаси холис ва алоҳида эътибор билан ўрганилган.
Ҳудудларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 344 та тарғибот тадбирлари ўтказилган. ОАВ орқали амалга оширилган тарғибот чоралари орқали фуқароларнинг хабардорлиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган таъсирчан ижтимоий роликлар тайёрланган.
Ички назорат тузилмалари ходимлари томонидан акциядорлик жамияти ходимлари ва янги ишга қабул қилинаётган номзодлар билан 2189 та индивидуал профилактик суҳбатлар ўтказилган. Суҳбатлар давомида коррупциянинг салбий оқибатлари юзасидан тушунтиришлар берилган.
Соҳада рақамлаштириш орқали коррупциявий омилларни бартараф этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда:
- “Сув Диспетчер” ягона диспетчерлик тизими жорий этилиб, махсус автотранспорт ва авария бригадаларининг ҳаракатларини оптималлаштириш, мурожаатларни мониторинг қилиш имконияти яратилган. Шу билан бирга, махсус авария бригадалари 67 дона замонавий планшет билан таъминланган;
- “Сувўлчагичхизмати” АЖ томонидан истеъмолчилар ва аризаларни рўйхатга олиш бўйича автоматлаштирилган тизим жорий этилган бўлиб, айни пайтда уни такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда;
- Франциянинг “Suez” компанияси томонидан Тошкент шаҳрининг ичимлик ва оқова сув тармоқлари геоахборот тизимига киритилиб, тармоқларни бошқариш электрон шаклга ўтказилган.
Ўз навбатида, коррупцияга қарши курашишда собит сиёсий иродамизни намоён қилиш мақсадида коррупцияга қарши муросасиз муҳитни яратиш, замонавий ечимлар орқали коррупциядан холи соҳага айлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгилаб олганмиз. Соҳамиз фаолиятига нисбатан халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган коррупция муаммосини бартараф этиш бўйича ҳам аниқ дастуримиз бор:
- Келгусида жамият фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатилиши учун янада қулай шарт-шароитлар яратилади, очиқлик ва шаффофлик даражаси оширилади;
- Жамият томонидан аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш бўйича хизматлар соҳасини тўлиқ рақамлаштириш, сув истеъмолида масофадан маълумот узатувчи ҳисоблагичларни қўллаш кўлами янада кенгайтирилади;
- Аҳолини ичимлик суви таъминоти бўйича барча лойиҳаларни очиқ эълон қилиш орқали масофавий мониторинг қилиш имкониятлари вужудга келтирилади;
- Оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари билан фаол конструктив ҳамкорлик янада чуқурлаштирилади ҳамда уларнинг журналистик суриштирувлар ўтказишлари рағбатлантирилади;
- Коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг салоҳияти, билим ва кўникмалари мунтазам ошириб борилади ва уларнинг фаолиятини самарали ташкил қилиш учун зарур ахборот технологиялари ва сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади, бошқарув жараёнлари коррупцияга қарши халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади;
- Фуқаролар ва ходимлар ўртасида ҳалоллик муҳитини яратиш ва коррупцияга қарши “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш учун замонавий тарғибот технологиялари сафарбар этилади.
Ҳурматли фуқаролар, қадрли истеъмолчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари!
Эришилган натижалар – бу жамоавий меҳнат маҳсулидир. Уларни мустаҳкамлаш ва янада юқори босқичга олиб чиқиш учун жамоатчилик, фаоллар ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтиришимиз зарур. Бу йўлда Сизнинг ҳамкорлигингиз ва кўмагингиз биз учун муҳим.
Бу борада ташкилотимизда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича муҳим йўналиш сифатида аҳолининг мурожаатлари билан тезкор ва сифатли ишлаш тизими йўлга қўйилганлигини эслатиб ўтмоқчиман: 55-503-10-55 рақамли “Ишонч телефони”, anticor@uzsuv.uz электрон манзили, @UzsuvAnticorruptionBot телеграм-боти, 24/7 режимида ишловчи 12-55 қисқа рақамли Call-марказ ҳамда расмий веб-сайт (https://uzsuv.uz/uz/contact-us) орқали мурожаат қолдириш имконияти мавжуд.
Бундан ташқари, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг 19 та ҳудудий ва тизим ташкилотларида фаолият юритаётган коррупцияга қарши ички назорат тузилма ходимлари учун махсус ишонч телефонлари йўлга қўйилган.
Шу ўринда, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш ва тизимда шаффофликни таъминлаш мақсадида акциядорлик жамиятимиз тасарруфидаги барча ходимлар, фуқаролар, жамоатчилик фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини узвий ҳамкорликка чорлайман.
Ҳурматли юртдошлар! Агар Сиз қуйидаги ҳолатларга дуч келсангиз:
- сув таъминоти ходими Сиздан пул талаб қилса;
- ичимлик сув ҳисоблагичини қиёсловдан ўтказиш учун ортиқча маблағ сўралса;
- қарздорликни бартараф этиш эвазига тамагирликка йўл қўйилса;
- ичимлик сув ва канализация тармоқларига ноқонуний уланишингизга ундалсангиз;
- ёки бошқа ҳар қандай коррупциявий ҳолатларга дуч келсангиз – дарҳол юқоридаги алоқа каналлари орқали мурожаат қилинг.
Коррупция ҳақида хабар берган фуқароларнинг шахсий маълумотлари шубҳасиз, сир сақланиши кафолатланади.