Марказий банк томонидан жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон аҳолиси ўртасида нақд пул муомаласи ва нақд ҳисоб-китоблар ҳолати юзасидан электрон сўровнома ўтказилган.
Мазкур сўровномада 14 259 нафар респондент иштирок этиб, уларнинг 52 фоизини давлат хизматчилари, 19 фоизини хусусий сектор вакиллари, 17 фоизини бюджет ташкилотлари ходимлари ташкил этган.
Аниқланган натижаларга кўра, бугунги кунда кундалик тўловларни асосан нақд пулда амалга оширадиганлар — 15%, банк картаси орқали тўловчилар — 33%, иккала шаклда фойдаланувчилар — 52%ни ташкил этмоқда.
Бир марталик нақд пул харидлари асосан 100–500 минг сўм оралиғида (47%) амалга оширилади. 35% респондент эса 100 минг сўмгача, 12% — 500 минг сўмдан 1 млн. сўмгача ва 6% — 1 млн. сўмдан ортиқ харидлар қилади.
Нақд пулдан фойдаланиш сабаблари орасида деҳқон бозорларида харид қилиш (56%), тез ва хавфсиз ҳисоб-китоб қилиш (17%), нархнинг арзонлиги (13%) устунлик қилди.
Нақд пулда ҳисоб-китоб талаб қилиш ҳолатлари Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида кўпроқ учрайди.
Тўлов терминаллари йўқлиги ёки ишламаслиги эса асосан Тошкент шаҳрида қайд этилган.
Шу билан биргаликда, натижалар муомалада 10 000, 50 000, 5 000, 100 000 ва 20 000 сўмлик банкнотларга эҳтиёж юқори экани, хусусан, 10 000 сўмлик банкнотларга Қорақалпоғистонда, 20 000 сўмликларга эса Андижонда эҳтиёж нисбатан юқорилигини кўрсатган.
Банкоматларда 50 000 сўмлик банкнотлар кўпроқ бўлишини 25% респондент истаса, 100 000 сўмликни — 22%, 10 000 сўмликни — 16% ҳамда 20 000 сўмликни — 14% респондент маъқул кўрган.
Банкнот ҳақиқийлигини аниқлашда кўпчилик ҳимоя ипини (31%), бўртиб турувчи тасвирларни (28%) ва рангини ўзгартирувчи бўёқлар билан босилган тасвирларни (26%) текширишини билдирган.
Кичик номиналдаги пулларга эса 41% респондент эҳтиёж пастлигини, 31% — йўқлигини билдирган.
Дўконларда қайтим пулларини ҳар доим олувчилар — 65%, баъзан арзон товарга алмаштирувчилар — 17%, доим шундай қиладиганлар — 14%ни ташкил этган.
Шунингдек, иш ҳақининг 87% банк карталари орқали, 7% нақд ҳамда картада, 6% эса нақд пулда берилади.
Нақд пул ечиб олиш частотаси эса ойига 1–2 марта — 42%, 3–4 марта — 35%, 5 ва ундан кўп — 23%.
Банкоматлардан норозилик: 62% — шикоят йўқ, 18% — узилишлар кам ҳолларда, 20% — нақд пул тез тугаб қолиши ёки керакли номинал йўқлиги.
Жамғарма шакллантириш: 23% нақд пулда, 23% банк картасида, 20% омонат ҳисобварақда, 34% жамғармаси йўқ.
Омонатларни шакллантириш усули: 36% нақд пул билан банкка бориб, 29% картадан, 35% мобил иловалар орқали.
Мобил иловалар орқали омонатлардан фойдаланиш даражаси: 49% фойдаланади, 37% билади лекин фойдаланмайди, 10% билмайди, 4% эса билади, лекин амалга оширишни билмайди.
Коммунал тўловларни аҳолининг 88% мобил иловалар орқали амалга оширади.
Сўровнома натижалари аҳолида нақд пул ва электрон тўловларга бўлган эҳтиёжнинг ҳудудлар кесимида турлича эканлигини кўрсатади. Шунингдек, оммавий равишда мобил иловалардан фойдаланиш тенденцияси кучайиб бораётганини кўриш мумкин.
М.Эшмирзаева, ЎзА